Сармишсойдаги тамаддун дурдонаси

апрел 18, 2013   - 0 +
Сармишсойдаги тамаддун дурдонаси"Асрлар садоси”га  бу йил  улуғ мутафаккир номи билан аталган Навоий вилояти мезбонлик қилади. Асрлар қаъридан келган садолар тамаддун дурдонаси бўлмиш тарихий Сармишсой дарасида  янги оҳанг, янги жаранг топиши шубҳасиз.  Бутун  дунёга  ўлмас қадриятларимиз билан бир қаторда, замонавий меросимизни  яна бир бор кўз-кўз қилиш имконини берадиган  мазкур фестивал ҳар сафар анъаналаримизнинг янги-янги қирраларини намойиш этиб, дунёга беминнат шарқона меҳр улашиб, хорижлик меҳмонларни  жонажон   Ўзбекистонимизга чорлайверади...
Жорий йилнинг 4-5 май кунлари бўлиб ўтадиган бу маданият фестивали ҳақиқий байрамга айланишига шубҳа йўқ.
Навоий вилоятидаги ёдгорликлар орасида қоя тошлардаги расмлар энг қимматли манбалардан ҳисобланади, улар тошга ёзилган тарих ва гўзал рассомчилик асарларидир. 
Сармишсойдаги тамаддун дурдонасиҚадим тамаддуннинг неча минг йиллик садолари келиб турган Сармишсойдаги  бу нодир обидалар фан тилида Петроглифлар дейилади.
Серқуёш бу заминимиз тарихи неча минг йилларга бориб тақалиши, бунда аждодларимизнинг бетакрор маданияти, юксак маънавияти бой салоҳияти билан жаҳон тамаддунига муносиб ҳисса қўшган авлодлар яшагани билан биз доимо фахрланамиз. Воҳада неча минг йиллик авлодларимизнинг бой тарихи  маъданият ўчоқлари қолдиғи қат-қат тахланиб ётибдики уларни ўрганишимиз, асраб авайлашимиз лозим. Кармана шаҳридан 30-35 км чамаси Шимолда Қоратоғнинг жанубий ён бағрида жойлашган Сармишсой, Қораунгурсой, Биронсой дараларида ибтидоий маданиятнинг нодир  обидаларидан бири–қоятошларга битилган Петроглифлар ястаниб турибди.  Очиқ осмон остидаги бу ўзига хос «музей»да  айрим олимларнинг фикрича 3 мингдан 8 мингтагача  қадимий қоятош расмлари мавжуд. Тошларга уйиб ишланган бу суратлар галереясини расман 1958 йилда Х.Мухамедов томонидан топилган. Дарада ўшандан бери археолог ва географлар илмий тадқиқотлар олиб бормоқдалар. 
Шунингдек олимларимиздан Н.Х.Тошкентбоев, А.Кабиров (1960-70) М.Хўжаназаров (1993й) навоийлик ўлкашунос Б.С.Шалотонин (1961й) лар ҳам ушбу қоятош суратларини  ўрганишган. 
Бу ердаги петроглифлар жуда қадимий бўлиб, расмларнинг дастлабкилари ёши эрамиздан аввал 2-асрга бронза даврига мансубдир. Бу ерларни қадамба-қадам кезган ҳамюртимиз Б.Шалотонин айрим жойлардаги суратлар ёшини ҳатто  5-7 минг йилга бориб Неолит даврига тўғри келади деб хисоблайди. У бу ҳақда ўзининг  «Дарё соҳилидаги шаҳар» рисоласида ҳам ёзган.
Мазкур ҳудуд ноёб расмлар билан ўша давр ҳаёти, табиати, маданияти тўғрисида сўзлайдиган қимматли Архивдир дейиш мумкин, чунки айрим расмлар ҳали ёзув бўлмаган даврлардаги манзарани ифода этади. Г.В.Шацкийнинг «Рисунки на камне» асарида «Бундай қоятош суратлари бошқа вилоятлар ҳатто мамлакатларда ҳам учрайди, жумладан Швеция, Польша, Россия давлатларида, лекин Сармишсойдагидек кўп, ўша давр ҳақида батафсил маълумот берадиган йўқ»- деб ёзган.
Тош суратлар тадқиқотчиси А.Кабировнинг таъкидлашича милоддан аввалги 4-1 минг йилликка тааллуқли минглаб бу расмлар бронза, темир, тош билан уриб, чўкичлаб контур, соя, нақшдор услубда ишланган.Шуниси қизиқки нима учундир кўпчилик расмлар тоғнинг жанубий тарафидаги ясси тошларда учрайди. Саволимизга китобдан жавоб топамиз, чунки жанубий ён бағрлар офтобрўй бўлиб, ундаги тошлар қуёшга кўпроқ қорайган, демакки қорамтир тош сатҳида тасвир яққолроқ кўринади. Яна бир эътиборли жиҳати бундаги суратлар ёмғирдан сўнг кўзга яққол ташланади.
Сармишсойдаги тамаддун дурдонасиСармишсой расмларида ёввойи ҳайвонларни ов итлари билан овлаш, ҳайвонларнинг ўзаро уруши, чорва моллари, рақс тушаётган одамлар,   ўқ-ёй,  ханжар, қилич, найза тутган, дубулға кийган кишилар ўзига хос тарзда юксак маҳорат билан ҳаётий қилиб тасвирланган. Бу тошларга қараб ҳайратингиз юз чандон ошади. Олов ёқиш учун ўт чиқараётган киши, фаришталардек қўлини осмонга кўтариб Бобо қуёшга илтижо қилаётган одам,  қўлида қуёшни кўтариб турган малаклар, чоҳга тушишдан қўрқиб орқага тисарилаётган кийиклар. Уюрда сардорликни қўлга олиш учун курашаётган икки от ва шу кабилар узоқ ўтмишдан шундай сўзлайдики…
Геологияда «Пиктография» деган термин бор. Бу воқеаларни расмлар билан ифодалашдир. Юқорида айтганимиздек ҳали ёзишни билмаган аждодларимиз  машғулоти, кўрган-билганларини суратларда чизишган.  Сармишсой галиреясида ибтидоий овчилар дарага сув ичишга келган ёввойи ҳўкиз, кийик, тоғ эчкиси, муфлон каби ҳайвонларни овлаш, судралиб юрувчилар, чорва моллари ва отларни  боқиш каби расмлар кўп тасвирланган. Бу суратларга қараб уйланиб қоласан, балки чорвачиликка илк бор асос солинган замин ҳам шу ер бўлса не ажаб?  Ҳатто айрим расмларда шер, йўлбарс, айиқ тасвирланганига нима дейсиз? Бу расмлар ўша давр табиатини, ҳайвонот олами, кишилик жамияти қайси формацияда эканлиги ҳақида сўзлаб турибдику?! Ўша даврдан қолган Сармишсойдаги табиий ғор ҳам бу сиру–синоатнинг ўчмас гувоҳларидандир. Ҳозирги  Горний болалар оромгоҳи яқинидаги бу ғор ҳақида ҳам турли ривоятлар талайгина. Бу энди алоҳида мавзу.
Замон ўзгариб,  табиат ўзгариб бу воҳанинг набобат ва ҳайвонот олами ўзгариб юқорида номлари келтирилган ҳайвонлар ҳам йўқолиб кетди.
Кексаларнинг эслашича, 1930 йилларгача бу ерда аҳоли яшаган қишлоқ ҳам бўлган. Кўплаб тош уйлар, деворлар қолдиғи бунда  ҳозир ҳам кўриниб турибди. Сой бўйида турли-туман улкан дарахтлар ўсган, сувида тоғ сойларида бўладиган «қорабалиқ» лар сузган. 
1960-61 йилларда «Горний» оромгоҳи қурилиши ва унинг ёнида Геологик партия кўчиб бориши бу манзилда инсон таъсирини кучайтириб юборди. Воҳанинг нодир ландшафтига зарар етди. Ҳатто баъзилар сувенир сифатида қоятошлардаги расмларни бузиб, синдириб олишган ҳоллари ҳам бўлди. 
Бу шарофатли битикларнинг уста «таржимони» вилоят ўлкашунослик музейи директори Рамазон Эгамов фахр билан:-«Мовароуннахр тарихида Хоразмда Маъмун академияси, Самарқандда Улуғбек яратган академия бўлса, бизнинг Сармишсой  қоятош суратлари академиясидир» дейди. 
Сармишсой расмлари ибтидоий санъатнинг нодир ёдгорлиги, шу ҳудудда яшаган қадимий халқларнинг ҳаёти, ҳайвонот дунёси ва тарихини ўрганишда катта илмий қимматга эга эканлигини ҳисобга олиб 1991 йилда Сармиш давлат буюртма қўриқхонаси ташкил этилди ва давлат муҳофазасига олинди.
Эндиликда бу заминнинг катта тарихий маданиятини ўрганиш Сармишсой ёдгорликларини антропоген, физик ва бошқа салбий таъсирлардан асрашнинг унинг қадр-қимматини сақлашнинг қонуний асосларини яратилмоқда.              
Шуҳрат ХАЛИЛОВ,
ўлкашунос
 

 

Мақолани ижтимоий тармоқларда тавсия ёки нашр қилиш учун
Ҳурматли меҳмон, Сиз веб-сайтга рўйхатдан ўтмаган фойдаланувчи сифатида кирганингиз учун Биз Сизга
рўйхатдан ўтишингизни ёки илгари рўйхатдан ўтган логинингиз орқали киришингизни тавсия қилардик.
 

Шарҳ қўшиш шакли

Сизнинг электрон манзилингиз очиқ ошкор этилмайди. Мажбурий тўлдириш керак бўлган қаторлар * билан белгиланган.

Полужирный Наклонный текст Подчеркнутый текст Зачеркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Смайликларни қўйиш Картинка Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера