ЗАРМЕТАН ҚАТИГИНИНГ ФАЗИЛАТИ

апрель 14, 2013   - 0 +
ЗАРМЕТАН ҚАТИГИНИНГ ФАЗИЛАТИ
Ривоятларга кўра, ҳазрат Хўжа Боҳовуддин Нақшбандий шу қишлоқ кўчаларидан ўтаётиб, бир хонадон аҳлидан сув беришларини сўраган. Хонадон бекаси сув ўрнига бир косада қатиқ берибди. Қатиқни ичиб бўлгач, Пирикомил узундан узоқ дуо ўқиб, йўлларида давом этибдилар. Шу воқеадан сўнг кимки косада қатиқ ивитиб, уни тўнкарса ҳамки қатиқ тўкилмаслиги ва бу ҳолат бошқа қишлоқларда учрамаслиги билан ҳаммани лол қолдириб келар экан. Сирларингни айтмайсизлар-да, деган кесатиқлар ҳам бефойда, чунки қўшни қишлоққа келин бўлиб тушган  қизлар ивитган қатиғи аввалгиларига ўхшамаётганлигини айтганида яна бир бор ҳайратимиз ошган. Бу ернинг аёллари ўзлари тайёрлайдиган қатиқлари билан ҳақли равишда фахрланадилар. ЗАРМЕТАН ҚАТИГИНИНГ ФАЗИЛАТИ
    Ҳатто момолари ёш қизалоқларга ҳам сочи жилваланиб, тўғри ўсиши учун уни қатиқда ювишни тавсия этишади. Қатиқнинг жуда кўп фойдали хислатлари бор. Шулар ҳақида тўла маълумотга эга бўлиш учун мутахассисларга мурожаат қилдик.
-Ўтказилган тадқиқотлардан келиб чиқиб, шундай хулосага келинган: гастрит, атеросклероз, диабет, шунингдек, ишемия, дисбактериоз, гипертония касалликлари, болаларнинг ошқозон ва ичак фаолиятини яхшилаш учун ҳам қатиқ самарали таъсир кўрсатган. Ҳатто жигар церозида ҳам қатиқ ичиш тавсия этилади,-дейди врач педиатр Адолат Зоирова - қатиқ танадаги қанд, глюкозани бошқа продуктга ўзгартиради ва ошган миқдорини анча туширади. Бир стакан қатиқ нонуштадан ярим соат олдин ичилса, иштаҳани очиб, асаб системасига ижобий таъсир кўрсатади. Хомиладор, климакс давридаги ёки эмизикли боласи бор аёлларга организмидаги ўзгаришларни нормаллаштириш, танани темир, фосфор ва кальций моддалари билан тўйинтириб, кўнгил айнишини йўқотиш учун тавсия этилади. Қатиқ ёшартирувчи хусусиятга ҳам эга. Доимий қатиқ истеъмол қилувчи инсонлар кучли хотира ва соғлом ақл билан узоқ умр кечиришгани кўп кузатилган.
-Косметологияда қатиқнинг фойдали хусусиятлари жуда кўп. Масалан, ёғли юз ёки қуёшда куйган терини ўз ҳолига қайтаришда, сўлғин ва чарчоқ сезган инсонлар юзига қатиқни суриш натижасида ижобий натижаларга эришилган, - дейди даволовчи касметолог Маҳфуза Мирзамаҳмудова, - у терини намлантириш, фойдали моддалар билан озиқлантириш, тиниқлаштириш, ҳатто оқартириш хусусиятига эга. Нафақат юзга, балки қуруқ ва қазғоқли сочларга ҳам қатиқ самаралидир. У сочнинг силлиқ таралиши ва жилоланиб туриши учун ўз ҳиссасини қўшади. Сочи кўп тўкилаётган ва қазғоқдан шикоят қилаётган беморларга қатиқдан тайёрланган ниқобларимизни қўллаб, бир неча бор такрорланган бу муолажадан сўнг уларнинг тез ва янгиларининг ҳам ўсиб чиқишига эришганмиз. Уй шароитида 1 ош қошиқ қатиққа 1та тухум сариғи ва бир чимдим туз қўшиб юзға суриш, сўнгра илиқ сувда ювиб, озиқлантирувчи крем суртиш; бошни ювишдан 20-30-дақиқа олдин 1 пиёла қатиққа 1 та тухум оқини аралаштириб, соч илдизларига суриб қўйиш ҳеч бир аёлга қийинчилик туғдирмайди, албатта. Бу тавсияларимиз агар кимгадир яхши натижа кўрсатса, биз қилган ишимиздан мамнун бўламиз.  
Ҳа, қатиқнинг ҳали биз билмаган жуда кўп хусусиятлари бор. Аммо биз хамир учидан патирини ёздик. Парҳез тутмоқчи ёки ошқозон фаолиятини тикламоқчи бўлган кишилар қатиқдан яхшироқ "дўст” тополмайдилар. Соғлигимизга доимо эътиборли бўлайлик. Мазали ва фойдали қатиқларимиз доимо дастурхонимизни безаб турсин.

Меҳригиёҳ БОЗОРОВА
ЎзДЖТУ халқаро журналистика 
факультети талабаси.
@

 

По рекомендовать статью в соц.сетях
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь.
Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо войти на сайт под своим именем.
 

Форма добавления комментарий

Ваши данные не будут опубликованы публично и не будут переданы третьим лицам или использованы в коммерческих целях. Обязательные поля выделены * символом.

Полужирный Наклонный текст Подчёркнутый текст Зачёркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Вставка смайликов Картинка Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера