Сув - тириклик манбаи

* БМТ маълумотларига кўра, дунё аҳолисининг  ҳар ўн нафаридан тўрттаси тоза ичимлик сув танқис бўлган ҳудудда яшайди.

*Инсон организмининг қарийб 70 фоизини сув ташкил этади. Одам сувсизликда узоқ яшолмайди. Киши организми ўн фоиздан кўп сув йўқолса, ўлимга олиб келиши мумкин.

*Бир инсон бутун умри давомида тахминан 35 тоннага яқин сув истеъмол қилар экан. 

Кўриниб турибдики, бугунги кунда сувга бўлган эҳтиёж ва талабни қондириш ва ундан оқилона фойдаланиш, уни асраш, эъзозлашни йўлга қўйишимиз учун  энг аввало одамлар онгига  бу ҳақиқатни сингдириш ,  бу йўлдаги тарғибот-ташвиқотни аввал оиладан, мактабдан, маҳалладан бошлашимиз зарур. 

Маълумки, вилоятимизни  ичимлик ва техник сув билан таъминлашда ягона манба ҳисобланган Зарафшон дарёсининг ўрни ниҳоятда аҳамиятлидир.
Зарафшон дарёси трансчегаравий  дарё ҳисобланиб, бошланиш кисми Тожикистон Республикасининг Помир–Олой тоғ тизмаларидан катта музликлар эриши ва жилғаларнинг бир-бирига қўшилишидан пайдо бўлган. Зарафшон дарёси Ўзбекистонимизнинг Самарқанд, Навоий, Бухоро вилоятларини техник ва ичимлик суви билан таминлайди. Дарё Навоий вилояти ҳудудига Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидан кириб келиб, Хатирчи тумани ҳудудида Оқдарё ва Қорадарё сувини бирлашишидан Зарафшон дарёсини ҳосил қилади. Дарёнинг бугунги кундаги лойиҳавий  сув қабул қилиш қуввати 164,6 мЗ/сек бўлиб,  кузатувда 65-70 мЗ/сек сув оқиб ўтмоқда.
Дарёнинг сув сатҳи  йил давомида кескин ўзгариб туради, сув ҳажмининг кўп бўлиши куз ва баҳор  фаслларига тўғри келади, бунинг сабаби бизни ўраб турган тоғ тизмалари яқин бўлганлиги яъни ёғин- сочинлар кўп бўлганда тоғлардан ҳосил бўлган сел оқимлари ер остига сингмасдан тўғри дарё томон ҳаракатланади.     
Шунингдек,   Навоий кон- металлургия комбинатини,  Навоий Иссиқлик электр станцияси"Навоийазот” ОАЖ, "Қизилқумцемент” ОАЖ, Навоий Электрокимё ҳиссадорлик жамияти ва бошқа кичик корхоналар, жуда кўп ҳажмдаги иссиқхоналарни сувга бўлган эҳтиёжини қондиради.
Зарафшон дарёси ўлкамизнинг асл тарихи ҳисобланиб, у миллонлаб инсонларнинг ва келажак авлодларимизнинг саломатликлари манбаи ҳам.
Бизга маълумки, одам танасининг 70 фоизи, миясининг эса 95 фоизи сувдан ташкил топган. Агар инсон танасида сув зарурий миқдорда кам бўлса, унинг ҳужайраларида модда алмашинуви бузилади. Бизнинг саломатлигимиз қай даражада ва қандай сув ичишимизга боғлиқ. Чунки, сув нафақат ҳаёт манбаи, балки ҳаётнинг ўзи саналади. Бундан келиб чиқадики, унинг ўзини ичиб, бошқа нарса истеъмол қилмай туриб ҳам узоқ вақт яшаш мумкин экан. Ҳозирда иссиқ ўлкаларда истиқомат қиладиган кўпчилик инсонлар шу тарзда ҳаёт кечирмоқдалар.                  
Ҳудуди жиҳатидан   бирмунча катта ва асосан чўл зонасини  ташкил этадиган Қизилқум бағрида жойлашган Навоий вилоятида аҳоли хонадонлари ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 80 фоиздан юқорини  ташкил этади. Аҳоли  ва ижтимоий соҳа объектлари асосан  5 та сув манбаларидан фойдаланади. Жумладан, Дамходжа минтақалараро сув қувуридан Хатирчи тумани маркази, Конимех туман маркази, Навбаҳор ва Қизилтепа, Кармана туманлари  аҳолиси фойдаланса,  Амударё, Зарафшон Учқудуқ сув манбаидан ЗарафшонУчқудуқ шаҳри, Конимех туманининг шимолий  қисмида яшовчи аҳоли , Зарафшон дарёси сув манбаидан эса Навоий шаҳри, Кармана тумани аҳолиси, ер ости сувлари манбаидан Нурота, Томди,, Хатирчи туманлари аҳолиси фойдаланади.  Булоқлар сув манбаидан асосан Нурота ва Хатирчи тумани тоғли қисми аҳолиси ичимлик суви билан таъминланмоқда.
Ичимлик суви бугунги кунда тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Навоий шаҳри ҳамда Кармана туман аҳолисини тўлиқ ичимлик ва техник сув билан Навоий  кон-металлургия комбинатининг бирлашган энергия хизмат бўлими таъминлайди. Навоий шаҳри бўйича ичимлик сувини иқтисод қилиш мақсадида 11 та  кичик туманга Навоий шаҳар ҳокимининг топшириғига асосан ичимлик сув қувурларига 94-95 фоиз сув ўлчагичлар ускуналари ўрнатилди. Натижада 22,6 лмн мЗ/йил миқдорда ичимлик суви иқтисод қилинди. 
Бироқ айрим ҳудудларда мониторинг асосида текширув ишлари олиб борилгандага  аҳоли ва корхоналар томонидан ноқонуний автотранспорт воситаларини ювиш жойлари ташкил қилинганлиги, сув жўмраклари очиқ ҳолатда ёйинки синдириб ташланганлиги ўта ачинарли ҳолдир.
Ахир ота-боболаримизнинг "Сув келтирган  элда азиз”, "Сувни  исроф қилиш увол”, "Сувни ифлослантириш  гуноҳ” каби ибратли мақолларини наҳотки унутган бўлсак?  
Сувни асраш, ундан оқилона фойдаланиш  халқимизнинг улуғ қадриятларидан бири ҳисобланади. Шундай экан, бу қадриятни эъзозлаш  экологик маданиятни юксалтириш ва келажак авлодлар саломатлигини асрашга хизмат қилишини унутмайлик!
           
Маманазар НОРҚОБИЛОВ,
Вилоят Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш 
                             устидан назорат инспекцияси бошлиғи 

Понравилась статья? Жми лайк или расскажи своим друзьям!

Комментарии