Махсус сертификат хатирчилик ўқитувчига насиб этди

Хатирчи педагогика ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг катта ўқитувчиси, "Шуҳрат" медали соҳиби Бегдулла Сойибов Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган "Халқ чолғулари ижрочилигининг замонавий омиллари" республика илмий-амалий конференциясида "Мусиқа таълими концепцияси" мавзусидаги маърузаси билан иштирок этиб, махсус сертификатни қўлга киритди.
Тошкент давлат консерваториясида ташкил этилган ушбу тадбир асосан замонавий мусиқа таълимининг долзарб муаммолари, янги йўналишлари таҳлили, янги ахборот технологияларни мусиқа таълими тизимига жорий этишга бағишланди. 
- Конференцияда инновацион педагогик технологияларни жорий этиш, ижрочилик малакаларини ривожлантириш, бадиий ижро, саҳна маданияти, ёшлар тарбиясида репертуар аҳамияти ва тарғиботига асосий эътибор қаратилди, — дейди сертификат соҳиби Б. Сойибов. Ўзининг 28 йиллик иш фаолияти давомида миллий санъатимиз сирларини ёшлар қалбига сингдириб келаётган тажрибали педагогнинг фарзандлари Азима Самарқанд давлат университетининг мусиқа факультетини тугатиб, коллежда ишлаётган бўлса, Озода эса шу олий даргоҳнинг 3-босқичида, санъат йўналиши бўйича таълим олмоқда.

Понравилась статья? Жми лайк или расскажи своим друзьям!

Комментарии