Магистратурада ўқиш тартиби тушунтирилди

Барча ҳудудларда бўлгани каби вилоятимиздаги иқтидорли ёшлар билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви Академияси  профессор-ўқитувчилари ва тингловчилари иштирокида 2 йиллик магистратурага ўқишга қабул қилиш юзасидан учрашувлар ўтказилди. Унда Навоийлик бир гуруҳ ўқишга кириш истагида бўлган ёшларга магистратурага қабуллар олий маълумотга, уч йиллик бошқарув иши тажрибасига эга, иш жойидан ижобий тавсиянома олган, чет тилларини (инглиз тилини) биладиган, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдалана оладиган 40 ёшгача бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасидан очиқ танлов орқали амалга оширилиши тушунтирилди. Шунинг билан бирга номзодлар кенг умумтаълим дунёқарашга, эрудицияга, таҳлилий қобилиятга, маънавий-ахлоқий сифатларга эга бўлишлари лозимлиги қайд этилди. Бундан ташқари, уларга ўқишга кириш учун ҳужжат топшириш тартиби, академияда яратилган шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Акадамияда  асосан "Давлат бошқаруви" ва "Жамият бошқаруви" йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланади.

Навоий вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан тегишли жавобларни олдилар.

Эслатиб ўтамиз академия магистратурасига ҳужжатлар жорий йилнинг 15 майидан 15 июнига қадар қабул қилинади. Ҳудудларда эса 2015 йил 19 майдан 24 майгача вилоят ҳокимликлари орқали ҳужжатлар қабул қилинади.

 

 

 


Понравилась статья? Жми лайк или расскажи своим друзьям!

Комментарии