Фирибгар "Тадбиркор"нинг найранги

У “Микрокредитбанк”нинг Кармана туман филиали мансабдор шахслари билан жиноий тил бириктириб, 500 миллион сўмдан зиёд ўзганинг мулкини ўзлаштиришга “эришди”. 

Бошқаларнинг ишончига кириб, кишиларни алдаб, бойлик орттираётган кимсалар афсуси орамизда учраб турибди. Аслида “тадбиркорлик”нинг бу усули ҳазилакам иш эмас – бунинг учун сизга юксак “актёрлик маҳорати”, ёлғонни ростдек айта олиш “қобилияти” керак.

Навоийлик ёш тадбиркор Акбар Акмалжонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) пул топишнинг антиқа йўлини танлади. 2014 йилнинг майида “Анварбек Майрам Кармана” МЧЖ балансида бўлган Навоий шаҳри, “Инспекторлар” кўчасида жойлашган иссиқхонани Т. Худоёров ва З. Фарруховларга 180 минг АҚШ долларига сотишга келишди. Бунга ишонган фуқаролар дарҳол унга 170 минг АҚШ доллари беришди. Сотилган мулкни янги эгалари номига расмийлаштириб беришга келганда турли баҳоналар билан орқага суриб юрди. Қизиғи, иссиқхонани 2016 йил октябрь ойида қайтадан Ж. Дилафрўзовага 700 миллион сўмга сотиб юбориб, Т. Худоёров ва З. Фарруховлардан олган пулларини “жиғилдон”га урди.

Сохтакорликнинг, алдаш ва ишончга кириб, мўмай пул топишнинг ҳадисини олган Акбарбой Навбаҳор тумани “Десерт Учкудук” хусусий корхонасининг раҳбари сифатида ҳам амалга оширган қинғирликлари ҳаммасидан ошиб тушди.

У “Микрокредитбанк”нинг Кармана туман филиали мансабдор шахслари билан жиноий тил бириктириб, 500 миллион сўмдан зиёд ўзганинг мулкини ўзлаштиришга “эришди”. Ҳатто банкнинг бош ҳисобчиси бўлиб ишлаб келган Х. Сўпиев ва бошқа мансабдор шахслар билан ўзаро келишиб, Кармана тумани ИИБ “Паспорт бўлинмаси”нинг махсус кассасига аҳоли томонидан тўланган 40 миллион сўмдан ортиқ пул маблағини маҳсулот олиш учун “Меҳнат пиво” МЧЖга кўчириб юборишган.

Шу ўринда савол туғилади: ўз манфаати йўлида ҳар қандай пасткашликдан қайтмайдиган Акбарни нега “Микрокредитбанк”нинг Кармана туман филиали вакиллари қўллаб-қувватлади? Бошқа корхона ва ташкилотларга тегишли катта маблағни нега қўшқўллаб унга топширишди? Агар банк бош ҳисобчиси ва бошқа мутасаддилари Акбар Акмалжоновга шерик бўлмаганида эди, улар бундай қинғир ишга бош қўшмаган бўлишарди. Шунинг учун банк бош ҳисобчиси Х. Сўпиев ҳам қилган жиноятлари учун суднинг қора курсисида ўтиришга мажбур бўлди.

Бузоқнинг югургани сомонхонагача, дейди халқимиз. Жиноят ишлари бўйича Кармана туман судининг қарори билан А. Акмалжонов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 168-моддаси 3-қисми “а” бандида кўрсатилган жиноятларни содир этганликда айбланиб, қонунда белгиланган тартибда жазосини олди. Алдаш ва ишончга кириш йўли билан ўзлаштирган пулларини тўлади. Банк ҳисобчиси Х. Сўпиев ҳам Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбланиб, 2 йил мобайнида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, 4 йил озодликни чеклаш жазосини олди.

О.МУСТАФОЕВ.

Телеграмда "Навоий Ҳаёти" гуруҳига қўшилинг ва Навоий шаҳридаги
 сўнгги янгиликлар ва воқеаларни кузатиб боринг.


Понравилась статья? Жми лайк или расскажи своим друзьям!

Комментарии