Экилмаган томорқа кўпроқ солиқ тўлашга сабаб бўлади

Кармана тумани ҳокимлиги биносида ўтказилган халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдан ташқари қирқ бешинчи сессиясида айни шу масала муҳокама қилинди.

Кенгаш раиси Ф. Умаров бошқариб борган сессия ишида туман ҳокими ўринбосарлари, депутатлар, ташкилот ва корхоналар раҳбарлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, сиёсий партиялар вакиллари, тиббиёт ходимлари, шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари иштирок этишди.

Даставвал кун тартибидаги биринчи масала - деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ерларидан самарали фойдаланишини ташкил қилиш бўйича туманда тузилган ишчи гуруҳ хулосаси бўйича деҳқон хўжаликлари, аҳоли томорқа ерларидан самарали фойдаланишни мувофиқлаштирувчи туман штаби раиси Акбар Ражабовнинг ҳисоботи тингланди.

Барчамизга маълумки, томорқа ризқ манбаи бўлиб, ундан унумли фойдаланиш нафақат оила фаровонлигини юксалтиради, балки бозорларимиз тўкинлиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархининг арзон бўлишини ҳам таъминлайди.
Маълумотларга кўра, бугунги кун ҳолатида тумандаги 26294 та хонадон хатловдан ўтказилиб, уларга томорқадан унумли фойдаланиш бўйича кўрсатма ва тушунтиришлар берилган.

— Аҳоли хонадонларида тегишли ташкилот ва корхона ходимлари иштирокида ўрганишлар олиб борилади. Агар барча имкониятлар мавжуд бўлишига қарамай томорқаси экилмаган хонадонлар аниқланса, тегишли тартибда далолатнома тузилиб, улар белгиланганидан уч баробар кўпроқ солиқ­қа тортилади. Бугунги кунда бу жараённинг ҳуқуқий асоси мавжуд бўлиб, фуқароларга шу тўғрисида ҳозирданоқ тушунтириш ишларини олиб боришимиз керак, — дея тўхталиб ўтди А. Ражабов ўз сўзида.

Кун тартибидаги иккинчи масала тиббиёт соҳасига оид бўлди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2017 йил 12 декабрь куни бўлиб ўтган, мамлакатимиз тиббиёт соҳасидаги долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда белгилаб берилган муҳим вазифа ва топшириқларнинг тумандаги ижроси ҳамда бирламчи тиббий-санитария тизими муассасалари фаолияти тўғрисида туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўринбосари И. Надировнинг ҳисоботи тингланди.

Бугунги кунда туман тиббиёт бирлашмаси тизимида 293 ўринли марказий шифохона, 200 қатновга мўлжалланган кўп тармоқли туман марказий поликлиникаси, 5 та қишлоқ оилавий поликлиникаси, 4 та қишлоқ врачлик пункти, 4 та шифокор учун хизмат уй-жойи сифатида ташкил этилган тиббий муассаса, битта силга қар­ши кураш диспансери ҳамда туман давлат санитария-эпидемиология назорати маркази фаолият юритиб келмоқда.
— Жорий йилнинг январь ойи ҳолатида кадрлар таъминоти масаласи анча яхшиланди. Жумладан, 20 нафар ёш врач мутахассис бакалаврлик ва клиник ординатурани тугатиб, бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасаларида ўз фаолиятини бошлашди. Кўп тармоқли марказий поликлиникада аҳолига  кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини яхшилаш мақсадида ўтган 2017 йил давомида жами 179 миллион сўмлик турли замонавий тиббий ускуналар келтирилди. Бундан ташқари, аҳоли учун "Электрон қабул” тизими ташкил этилди. Эндиликда беморлар врач қабулига уйидан туриб телефон ёки интернет тармоғи орқали ёзилиши мумкин, — дейди И. Надиров.

Маърузачи томонидан туманимизда  тиббиёт соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган галдаги вазифалар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳам айтиб ўтилди.
Шундан сўнг сессия ишида туман сайлов комиссияси раиси ўринбосари Р. Сабуровнинг ахбороти тингланди. Унда ўрни бўшаб қолган 18-"Нодира” сайлов округида бўлиб ўтган сайлов якунлари айтиб ўтилди ҳамда халқ депутатлари туман Кенгаши депутати этиб сайланган Илҳом Ражабовнинг депутатлик фаолияти эътироф этилди.

Сессия кун тартибида кўриб чиқилган масалаларнинг барчаси депутатлар томонидан муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.


Телеграмда "Навоий Ҳаёти" гуруҳига қўшилинг ва Навоий шаҳридаги сўнгги янгиликлар ва воқеаларни кузатиб!



Понравилась статья? Жми лайк или расскажи своим друзьям!

Другие материалы про Навои

  • Комментарии