"Сирли мижоз"

Дунёда ўзини ўзи тергашдек мушкул машғулот бўлмаса керак. Ойнага қараб нуқсонингни кўриб тан олиш ҳам мардлик аслида. Билсангиз, ойна фақат ташқи кўринишнинг аксини намоён этади. Аммо, ташқи кўриниш алдамчи бўлсачи? Инсоннинг ички дунёси эса ўзига аён, холос. Айрим кимсаларнинг феъл атворидаги камчилиги, бадхулқлилиги, маънавий дунёсининг қашшоқлиги нафақат ўзига, ҳатто жамиятга ҳам катта зиён етказади.
Оммавий ахборот воситаларини кузатганимда, бир мансабдор раҳбарнинг пора олаётган чоғида қўлга олинганидан хабардор бўлдим. Бу нохуш ҳолатдан жуда таъсирландим. Арзимаган пул учун обрў-эътибори ва касбидан мосуво бўлган амалдорга ҳатто ачиндим ҳам. Бироқ, “кўза кунда эмас, кунида синади”. Юртимизда таъмагирлик, эгаллаб турган лавозим ваколатидан фойдаланиш, порахўрлик каби иллатларга қарши кескин кураш олиб борилмоқда. Бундай коррупцион ҳолатларга барҳам бериш учун нафақат махсус идора ходимлари, балки жамоатчилик ҳам ўз фуқаролик позицияси билан фаол. Умуман олганда, корхона ва ташкилотларда ҳалол, касбига муносиб, атрофдагиларга хулқ-атвори билан ўрнак бўладиган ходимлар меҳнати эътироф этилади, аммо фақат маош олиш учун кунни кеч қиладиган одамлар фаолиятига эса ҳар доим ҳам тўғри баҳо берилавермайди.
Бироқ, республикада ягона тизим Давлат хизматлари Агентлиги “Сирли мижоз” тадбири орқали ишига совуққонлик билан қараган, касбига содиқ бўлмаган, эгаллаб турган вазифасига нолойиқ бўлган ходимларни аниқлаб, профилактик суҳбатлар орқали интизомий жазо чоралари қўлламоқда. Агентликнинг Навоий вилояти бошқармаси мутахассислари томонидан ҳам 2018 йилнинг 7 сентябрига қадар туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказларида 85 маротаба “Сирли мижоз” тадбири ўтказилди. Тизим ходимлари учун 143 маротаба профилактик суҳбатлар уюштирилди.
Масалан, текшириш жараёнида иш ўрнида йўқ ходимлар аниқланди, меҳнат ва ижро интизомига риоя қилмаган, билим савияси етарли бўлмаган мутахассисларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди. Натижада 10 нафар ходимга хайфсан, бир нафарига огоҳлантириш берилди, бир нафар ходимнинг меҳнат шартномаси бекор қилинди. Назаримизда ўзини-ўзи тарбиялашнинг бундай усули тизим учун яхши самара бермоқда. Қолаверса, “Сирли мижоз” тадбирининг афзаллиги у ходимнинг ўзи устида ишлаши, билим савияси ва тажриба малакасини оширишга кўмак беради.
Хулоса ўрнидаги сўнгги сўз эса бундай тадбирлар туфайли аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг сифати яхшиланади, коррупцион ҳолатга барҳам берилади.
Алишер Нурмаматов,
Давлат хизматлари Агентлигининг
Навоий вилояти бошқармаси
Кадрлар бўлими.

Понравилась статья? Жми лайк или расскажи своим друзьям!

Комментарии