“Боймурод” аҳолисининг давлат хизматлари маркази фаолиятидан кўнгли тўлаяптими?

Дам олиш куни бўлишига қарамай, Конимех туман давлат хизмати маркази ходимлари Фарход Бўриев ва Сабит Ўразбаевлар аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш учун уйма-уй юриб фуқаролар муаммолари ва мурожаатларини ўргандилар. “Боймурод” овулининг 262 та хонадонида бўлган ходимлар фуқароларни ўйлантираётган масалаларга ечим топишга ҳаракат қилдилар. Кимнинг фарзандига туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома керак, яна кимдир неварасини боғчага жойлаштириши лозим, овулда савдо-сотиқ билан шуғулланиб юрган фуқаро ўзини якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказмоқчи бўлди, яна биров жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси очишни истади. Хуллас, ҳар бир оилада бир муаммо масаласига ечим топилди. Бир иш кунида 42 турдаги давлат хизматлари кўрсатилди.
“Боймурод” овул фуқаролари йиғини туман марказидан 210 километр узоқликда жойлашган чўл ҳудуди. Аҳоли сони 2889 кишини ташкил этади. 628 та хонадони мавжуд. Маълумки, бу ҳудудда одамлар турмуш кечириш шароити марказдан анча фарқ қилади. Ичимлик суви ва табиий газга эҳтиёж катта. Аҳолининг аксарияти чорва билан шуғулланади. Мабодо марказга тушмоқчи бўлган аҳоли бир кунини йўлга сарфлаши лозим. Шу боисдан янгидан фаолиятини бошлаган “Боймурод” шахобчасида марказ ходимлари ҳафтанинг икки иш кунида аҳолига 70 турдаги давлат хизматларини кўрсатишни йўлга қўйдилар.
Галдаги хонадон Калдибековлар оиласи. Гулойим Калдибекова 5 ёшли фарзанди Асел Калдибекова Туликбоевнага туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олиши лозимлигини айтиб мурожаат қилди. Мазкур мурожаат ўрганилиши учун шу куннинг ўзидаёқ туман ФҲДЁ бўлимига расмийлаштириш учун тақдим этилди. Ва мурожаатчига давлат хизмати кўрсатилди.
Шу куни марказ ходимлари хонадонма-хонадон юриб, фуқароларга нафақат давлат хизматлари кўрсатдилар, балки уларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида тизимдаги янгиликларни тарғибот қилдилар. Энди аҳоли солиқдан қарздорлик хусусидаги, судланган ёки судланмаганлик ҳақидаги ёки манзил маълумот олиш учун аввалгидек солиқ, ички ишлар ёки маҳаллага бормасдан давлат хизматлари марказларига мурожаат қилишлари кераклиги хабардор этилди.
Бекзод Султонов,
Давлат хизматлари Агентлиги
Навоий вилояти бошқармаси
ходими
Телеграмда "Навоий Ҳаёти" гуруҳига қўшилинг ва Навоий шаҳридаги сўнгги янгиликлар ва воқеалардан хабардор бўлинг!

Понравилась статья? Жми лайк или расскажи своим друзьям!

Другие материалы про Навои

  • "Сирли мижоз"
    • Новости Навои
  • Комментарии