“Отангга бор, онагга бор” ёхуд ермулккадастр ташкилотининг найранглари хусусида

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, одамзот ибтидоий жамоа давридан ер-жой, мол-мулк учун талашган. Даврлар ўтиб инсондаги бу ҳоҳиш кучайса кучайдики, сўнмади. Майли, ўтмишни қўйиб турайлик. Юртимизда мустақилликнинг илк даврларида ҳам ўзбошимчалик билан иморат солиб унда бола чақа ортириб, бир неча ўн йиллаб яшаган одамлар кам бўлмади. Улар ҳозир ҳам бор. Бироқ, ҳар бир қилинган амал ортида қонунларга итоаткорлик ҳисси бўлиши лозим. Аммо, хукуматимиз янаям одил, юртбошимиз инсонпарвар.
Президентимизнинг “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги “Кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида кўчмас мулкларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартиби тўғрисида”ги 461-сонли қарори туфайли мамлакатимизда ўзбошимчалик билан солинган турар жойларга эгадорлик ҳуқуқи тикланди. Келинг, бу масалага ойдинлик киритиш учун таҳлилларни Навоий вилояти мисолида кўрамиз.

Вилоятнинг давлат хизматлари марказларига 569 нафар фуқародан мурожаат келиб тушди. Ходимларнинг саъй-ҳаракати туфайли жорий йилнинг 1-октябрь ҳолати билан 49 нафар фуқаронинг мурожаати қаноатлантирилди. Аммо, ҳали ҳам мазкур масалада аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар ижобий ҳал этилаяпти, деб бўлмайди. Ҳануз уй-жойларга эгалик ҳуқуқини беришда сансоларлик, “отангга бор, онагга бор” каби ҳаракатлар мавжуд. Бунга амин бўлиш учун аҳолидан тушган мурожаатлар натижасини ўргандик.
2018 йилнинг 11 июлида Кармана туманининг “Боғишамол” МФЙ да яшовчи фуқаро Бахтиёр Умаров ўзига тегишли ўзбошимчалик билан қурилган турар жойига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисида ёзган аризаси шу куннинг ўзидаёқ марказ ходимлари томонидан ваколатли идорага электрон ахборот алмашинуви дастури орқали жўнатилган. Аниқланишича, мазкур мурожаат Навоий вилоят Ермулккадастр давлат корхонаси Кармана туман филиали раҳбарининг муносабат белгиси билан филиал мутахассисига ижро учун берилган. Аммо, маъсул ходим фуқаронинг мурожаатини 12 иш кунига кечиктириб 31 июль куни комиссия аъзоларига юборган. Худди шундай ҳолат фуқаролар Н.Журакулова, А.Нарзиева, Н.Халилова, Н.Раҳматова, А.Мадатов, Н.Абдуллаевалар сингари 92 нафар фуқаро мурожаатига ҳам қўлланилган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги 461-сонли қарори билан тасдиқланган “Кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида кўчмас мулкларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 11-бандида, Комиссия ишчи органига ариза келиб тушгандан сўнг 3 иш куни мобайнида мурожаат этувчининг аризасида кўрсатилган жойга чиққан ҳолда ўзбошимчалик билан қурилган иморатни ўрганиб, унинг техник планини шакллантиради ҳамда ушбу техник планни комиссия аъзоларига ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар билан бирга тизим орқали юбориши қатъий белгиланган.

Нега 3 иш кунида кўриб чиқилиши лозим бўлган ариза 12 ва ундан ортиқ иш кунларига чўзилади? Демак, қонун ижросининг атайлаб бузилишида бир гап бор. Мазкур қоидабузарликка жавобан Давлат хизматлари агентлиги Навоий вилоят бошқармаси қарори билан маъсул ходимга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари миқдорида, яъни 552.900 (беш юз эллик икки минг тўққиз юз) сўм жарима қўлланилди. Афсуски, худди шундай маъмурий жазога Конимех, Хатирчи, Нурота туманларининг ермулккадастр ташкилоти ходимлари ҳам тортилди.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, ҳали қишлоқ айланиб ўтиб, одамлардан эшитганимиз шу бўлди. Халқ таъбири билан айтадиган бўлсак, “землямер”ларнинг обрўйи янада ошганмиш. Тўғрида, айрим фуқароларнинг 25-30 йиллик армони ушалаётганида нега ташкилот ходимларига хушомад урмасин. Нима бўлганда ҳам давлатимизда одамлар ҳаётидан рози бўлиб яшаши учун яратилаётган ислоҳотлар илоҳим барчага яхшилик олиб келсин.
Фаррух Рўзиев,
Давлат хизматлари Агентлигининг
Навоий вилояти бошқармаси
бош маслаҳатчи
Телеграмда "Навоий Ҳаёти" гуруҳига қўшилинг ва Навоий шаҳридаги сўнгги янгиликлар ва воқеалардан хабардор бўлинг!

Понравилась статья? Жми лайк или расскажи своим друзьям!

Комментарии