Тадбиркор оёғига тушов бўлолмайсиз

Яхши хабарнинг қўш қаноти бўлгани сингари, ёмон гап ҳам ҳалқ орасида тез “болалайди”. Шундай бир даврда яшаяпмизки, халқ эътирози инобатга олиниб, ҳар бир фуқаро мурожаати эътиборда. Давлат хизматлари агентлиги Навоий вилоят бошқармасига Навоий шаҳар давлат хизматлари маркази томонидан тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатишда қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилаётганлиги тўғрисида махсус хабарнома етказилди. Мазкур хабарга аниқлик киритиш мақсадида ҳолат ўрганилди.
Аниқланишича, “Iskra Xazora” маъсулияти чекланган жамият корхонаси тадбиркорлари жорий йилнинг 25-август куни алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномасини олишни сўраб, давлат хизматлари марказига ариза берганлар. Мурожаат шу куннинг ўзида марказ ходимлари томонидан электрон ахборот алмашинуви дастури (E-ijro) орқали ваколатли органга жўнатилган.

Эътиборингизни тортмоқчимиз, ваколатли орган – бу хокимлик идоралари. Аниқроғи, хокимиятда фаолият юритаётган ишчи гуруҳи аъзоларидир. Ўз навбатида ҳокимлик мурожаатни белгиланган муддатдан 30 иш кунига кечиктириб кўриб чиқади ва 12 октябрь куни тадбиркор учун алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномасини дастур орқали марказга жўнатган. Аслида бу мурожаат 5 иш кунида ҳал бўлиши лозим эди. Аммо, ундай бўлмади. Шу тобда тадбиркорни битта гувоҳнома учун йиллар давомида “эмаклатадиган” вақтлар ўтиб кетди, дегингиз келади хокимият мутасаддиларига.

Худди шундай давлат хизматига эҳтиёж сезган “Tibtexnika” МЧЖ тадбиркорлари мурожаатига ҳам жавоб Навоий шаҳар хокимлиги томонидан 19 иш кунига кечиктирилиб жўнатилган. Жами 30 та тадбиркорлик субъектига давлат хизматлари кўрсатишда қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Ўрганишларимизни умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголли маҳсулотларни сотиш ҳуқуқи учун рухсат гувоҳномасини олишга ариза берган тадбиркорлар фаолияти мисолида кузатдик. Бу мурожаатларда ҳам хокимлик томонидан 22 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.

Масалан, Навоий шаҳрида фаолият юритаётган “Best Pub” МЧЖ тадбиркорлари жорий йилнинг 10-сентябрь куни умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголли маҳсулотларни сотиш ҳуқуқи учун рухсат гувоҳномасини олишни сўраб ёзган аризаси марказ томонидан шу куннинг ўзида электрон ахборот алмашинуви дастури (E-ijro) орқали ваколатли органга жўнатилган. Бироқ, мазкур мурожаатнинг тақдири ҳали ҳануз номаълум.
Шу тобда ўйланиб қоласан киши, наҳот хокимлик мутасаддиларига тушунарли бўлмаса, ахир бу ҳолат қоидабузарликнинг ўзи-ку.

Эслатиб ўтмоқчимиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 апрельдаги ПФ-5409-сон Фармонининг 3-иловаси 19-бандига кўра алкоголли маҳсулотлар билан (чакана, умумий овқатланиш) савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномасини туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан 5 иш кунида бериши кўрсатилган.
Шуни таъкидлаш жоизки, мазкур масалада мурожаат қилаётган тадбиркорларнинг ҳақ-ҳуқуқини чеклаётган Навоий шаҳар хокимлигидаги ишчи гуруҳ аъзолари бу борада ўйлаб кўришлари лозимдир. Энди эскича усулда ишлашнинг имкони йўқ. Тадбиркорнинг оёғига тушов бўлолмайсиз. Хулоса ўрнида, айрим хокимликлар Президент фармони ижросига шундай эътиборсиз бўлса, унда тадбиркор дардини кимга айтсин...?
Давлат хизматлари агентлиги
Навоий вилояти бошқармаси
Матбуот хизмати.

Понравилась статья? Жми лайк или расскажи своим друзьям!

Другие материалы про Навои

  • Комментарии