Конимех тумани Давлат хизматлари маркази

Аввал хабар берганимиздек, Навоий вилоятида яна бир давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Аввал Навоий шаҳрида кейинчалик Конимех туманида бўй кўрсатган марказларга кирсангиз баҳри дилингиз яйрайди. Давлат хизматлари Агентлигининг Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи Баҳодир Тошевнинг таъкидлашича, 2019 йилда вилоятнинг қолган 8 та туман ва шаҳарларида худди шундай марказлар барпо этилади.
Конимех - Навоий вилоятининг қишлоқ хўжалиги ҳамда чорвачиликка ихтисослашган ҳудудларидан биридир. Бугун туманда 40 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Конимехда янгидан барпо этилаётган бинолар туфайли кўчалар кўркам қиёфага кирмоқда. Халқнинг турмуш тарзи, яшаш шароитлари кун сайин ўзгараётгани эътирофга лойиқ. Туманда жорий йилнинг ўзида 36 та лойиҳада қурилиш ишлари амалга оширилиб, халққа фойдаланиш учун топширилди. Ана шулардан бири давлат хизматлари маркази биносидир.
Бетакрор дизайн ва мукаммал меъморий ечим билан қурилган мўъжазгина марказ конимехликларнинг серқатнов масканига айланди. Аслида ҳар бир бино очилишида минг бир яхши тилак, минг бир эзгу амал мужассам. Жорий йилда Конимех тумани давлат хизматлари маркази ходимлари томонидан 7 минг нафарга яқин фуқарога давлат давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, эндиликда қулай ва шинам бинода фуқароларга бир қатор қулайликлар яратилди.
Банк хизмати, фуқаролик ҳолатлари далолатномалари ёзиш бўлими ҳам марказ биносида фаолият юритади. Туғилганлик ҳамда никоҳни қайд этиш гувоҳномаларини бериш хизмати ҳам марказдан чиқмасдан амалга оширилади. Шунингдек, бинода мобил телефонларнинг қувват олиши учун қурилма ҳам ўрнатилган. Бинода йўлга қўйилган бепул wi-fi марказга ташриф буюрадиган фуқаролар беминнат фойдаланишлари мумкин. Дарвоқе, шундоққина марказ ёнидаги бекатда ҳам туман аҳолиси учун худди шундай имконият яратилган.
Шу куни туманда 6-7 болалар боғчаларининг янги биноси ҳам ишга тушди. Марказ орқали мактабгача таълим муассасасига йўлланма олган 80 нафардан ортиқ болажонлар қувончига туман аҳли ҳам шерик бўлди. Конимехдаги бунёдкорлик ишларига туман ҳокимлиги астойдил бел боғлаган кўринади. Улар янги йилда обод қишлоқ давлат дастури доирасида кичик амфитеатр ва уйингоҳлар қуриб, келгусида қишлоқ одамларининг маданий дам олишига муносиб ҳиссаларини қўшдилар. Ҳа, туманда давлат хизматлари маркази биносининг очилиши маросими билан бошланган тадбирлар бири бирига уланиб, кечга қадар давом этди. Бундай файзли гўшаларнинг ҳар бир қишлоқ, ҳар бир овулда қад кўтиришига ҳали одатланиб ҳам қоламиз.
Давлат хизматлари агентлиги
Навоий вилояти бошқармаси
Матбуот хизмати.

Телеграмда "Навоий Ҳаёти" гуруҳига қўшилинг ва Навоий шаҳридаги сўнгги янгиликлар ва воқеалардан хабардор бўлинг!

Понравилась статья? Жми лайк или расскажи своим друзьям!

Другие материалы про Навои

  • Комментарии