Аросатда қолган одамлар

Зафаробод қўрғони анча йиллардан буён Бухоро вилояти Ғиждувон тумани ҳудудига қарарди. Зафарободликлар туманга бориш учун Навоий вилоятининг Конимех туманидан ўтиб, марказга йўл олишарди. Ҳатто, бир энлик ҳужжат учун ҳам одамлар бир туман ошиб, Ғиждувонга боришарди. Эндиликда бундай оворагарчиликларга барҳам берилди. Сенатнинг 2018 йил 28 сентябрдаги СҚ-338-111 қарори билан Конимех тумани марказидан 35 километр узоқликда жойлашган Зафаробод қўрғончаси энди Навоий вилояти ҳудудига қарайди.
- Қўрғон аҳолиси анча йиллардан буён қийналарди, иккиҳокимиятчиликдан. “Зафаробод” ва “Кўкча” маҳаллаларидаги аксарият одамлар Навоий тоғ-металлургия комбинатида ишларди, аммо яшаш ҳудуди чегараси Бухорога тегишли эди. Худди шу ҳолат сабаб қатор муаммолар ечилмасдан келинарди. Айниқса, уй-жой мумамолари учун одамлар аросатда қолганди, - дейди “Кўкча” МФЙ раиси Адолат Муродова.
- Масалан, шу икки маҳаллада қанчадан-қанча ноқонуний қурилган уйлар мавжуд, - дейди фуқаролар Равшан Нашванов, Гулшода Қудратовалар,- шукрки, давлат хизматлари маркази ходимлари ўйимизга келиб, мурожаатимизни қабул қилишди. Бўларкан-ку.
- Биз бунақа махсус автобусларда қўрғоннинг ўзига келиб аҳолига хизмат кўрсатилади, деб ўйламагандик, - дейди фарзандини мактабгача таълим муассасасига навбатга қўйган Нилуфар Остонова. Бизда боғча битта бўлгани учун фақат таниш-билишчилик орқасидан казо-казоларгина фарзандини жойлаштира олган. Ҳайрият, мана ҳеч кимга ялинмасдан шундоққина навбатга туриб, боламиз учун боғчага йўлланма олишнинг имкони бўлди. Ҳамма хизмат ичида - нотариус, фҳдё, кадастр, барча давлат хизматларига тўловиниям шу ернинг ўзида қиласиз. Бу яқин кунларда халқ учун бунчалик қайғуришганини кўрмагандик.
- Яшириб нима қилдик, мен тадбиркорман, йиллар давомида шу бозорда савдо қилдим. Аммо, фаолиятимни қонуний расмийлаштира олмасдим. Авваллари бир нечта идорадан бир дунё қоғоз йиғиш ва яна камида 2-3 ой вақт сарфлашим кераклигини билардим. Энди, бошқача, давлат идоралари вакиллари ўзлари келиб муаммоларимизга ечим топмоқдалар. Ҳатто, туманга ҳам бормадим. Мана, Конимех туман давлат хизматлари маркази ходимлари қўрғонни ўзига келиб, мурожаатимни ярим соат ичида ҳаллаб беришди. Энди мен ҳам расман тадбиркорман, - дейди Сейип Бекболдиев.
Конимех туман давлат хизматлари маркази томонидан “Зафаробод” ва “Кўкча” маҳаллаларида истиқомат қилаётган аҳолининг давлат хизматларига бўлган эҳтиёжи ўрганилди. Мобил хизмат натижасида 151 та давлат хизматлари кўрсатилди. Жумладан, сайёр тартибда 12 якка тартибдаги тадбиркорлар, 2 та юридик шахслар, 40 ноқонуний қурилган уйларга эгалик хуқуқини бериш бўйича, 97 та СТИР бўйича аризалар қабул қилинди.
Нарбек Тошпўлатов
Конимех туман ДХМ мутахассиси

Понравилась статья? Жми лайк или расскажи своим друзьям!

Комментарии