РАҚАМЛАР ЭМАС, ИНСОН ДАРДИ, ИНСОН ҚАЛБИ МУҲИМ!

Ташкил топганимизга  эндигина бир йил бўлди. Ҳудуди ва салоҳияти жиҳатидан республикамизда ўз ўрнига эга бўлган Навоий вилоятида бу тизим фаолиятини йўлга қўйиш, одамларнинг кўнглини топиш осон кечгани йўқ. Қисқа вақт мобайнида малга оширган ишларни  сарҳисоб қилар эканмиз, ўтган йил давомида 189 155 та аҳоли мурожаатларига давлат ҳизматлари кўрсатилганлигига гувоҳ бўламиз. Хизматларнинг 1149 таси интернет орқали амалга оширилган. 9795 та тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилган. Шундан 7351 таси якка тартибдаги тадбиркорлар бўлиб, уларнинг 458 тасига сайёр тартибда хизмат кўрсатилган.
Аммо бу борадаги  ташкилотлар билан ҳамкорлик, боғлиқлик силлиққина кетаётгани йўқ. Ҳар тўкисда бир камчилик дейдилар. Иш бор жойда хато ва камчиликлар бўлиши табиий. Баъзида эътиборсизликдан, гоҳида атайин сарсонгарчиликларни келтириб чиқараётганлар  билан муроса қилолмаяпмиз. Бундай важни келтиришга сабабим бор. Чунки бошқарманинг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматлари кўрсатилиши устидан назорат қилиш бўлими томонидан жойларда ўтказилган ўрганишлар давомида Навоий вилоятида жами 3378 та қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган. Бу шунчаки рақамлар эмас. Бу 3378  нафар фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқларига панжа орасидан қараш деган гап.
Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, мазкур қонун бузилишларнинг аксарияти дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш учун лицензия беришда 603 та, Вазирлар Маҳкамасининг 461-сонли қарори ижроси бўйича 501та, алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳамда умумий овқатланиш корхоналарида алкоголли маҳсулотларни сотиш учун рухсат гувоҳномаси беришда 148 та, болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича ариза беришда 1742 та, турар жойларни нотураржой тоифасига ўтказиш ҳақида қарор чиқаришда 43 та, объектларни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилишга рухсат беришда 41 та қоидабузарлик аниқланди.
Бошқарма томониданушбу аниқланган қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан ваколатли идораларга жами 62 та тақдимнома ва 64 та огоҳномалар киритилди. Натижада ваколатли идораларнинг  33 нафар ходимига нисбатан интизомий чоралар қўлланилиб, 19 нафар шахсга нисбатан МЖтК 241-9-моддаси 1-қисми билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида суднинг тегишли қарорлари чиқарилди. Бундан ташқари, бошқарма томонидан тўғридан-тўғри 50 та масъул ходимларга маъмурий жаримага тортиш бўйича қарорлар чиқарилди.
Ўтган 2018 йил Давлат хизматлари агентлигининг Навоий вилояти бошқармаси, унинг шаҳар ва туман марказлари учун аҳамиятли бўлганини алоҳида таъкидлаш лозим. Аввалом бор, соҳа фаолияти учун вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари марказларига хизмат автомашиналари ажратилди. Олис манзилдаги аҳолига сайёр хизмат кўрсатишга мосланган, бира тўла ФҲДЁ, нотариус, банк ва бошқа хизматлар кўрсата оладиган  2 та автобуснинг фойдаланиш учун топширилгани  ходимлар ишини анча енгил ва қулай қилди.
Энг асосийси, Навоий шаҳар ҳамда Конимех туманларининг Давлат хизматлари марказлари янги биноси ишга тушди. Замонавий дизайнда, мукаммал меъморий ечимга эга, хориж талабларига жавоб бера оладиган бир бинолар қурилдики, бундан ходимлар ҳам, аҳоли ҳам беҳад миннатдор. Шинам, кенг, ёруғ залларда аҳолига  давлат хизматларини кўрсатишнинг ўзгача файзи бўларкан. Бу бунёдкорлик ишлари давом этиб, баҳорнинг илк куни ва Наврўз айёми кириб келиши билан Учқудуқ ва Нурота туманларида марказларимиз янги бинода иш бошлайди. Тўғри, қурилиш қилиш, иморат тиклашнинг ўзи бўлмайди. Бироқ, каерда инвестор кўмаги, қаерда маҳаллий ҳокимият ташаббуси билан аста-секин марказлар янги биноларда иш бошлашаяпти. Бундан кейин Қизилтепа ва Хатирчи туманларида  марказ бинолари очилиш навбатини кутмоқда. Йил якунигача қолган туманларда ҳам марказлар ўз маъмурий биноларига эга бўладилар.
   Асосий мақсадимиз халқимизнинг давлат хизматларига бўлган эҳтиёжини қаноатлантиришдан иборатдир. Энг олис ҳудудларда марказларнинг шахобчалари фаолияти йўлга қўйилди. Жумладан, Конимехда “Учтепа”, “Боймурод” шахобчалари, Томди туманида “Кериз”, “Шиели” шахобчалари, Карманада эса Маликробот шахобчаси ҳафтада икки кун аҳоли учун хизмат кўрсатади. Мазкур шахобчалар марказдан 200-250 километр олисдаги овул фуқаролари йиғинларида ташкил этилди. Вилоят, туман марказларидан юзлаб километр олисда яшовчи бу фуқаролар ҳам барча қатори давлат хизматларига эҳтиёж сезишлари бор гап. Бироқ, шундай ҳудудлар борки, бу манзилларда аҳолига автомашиналарда сайёр хизмат кўрсатиш усули энг қулай ҳисобланади.
Мухтасар айтганда, аҳолига яқинлашсакгина унинг дарду ташвишларига шерик бўла оламиз. Халқнинг   мумамосига ечим топамиз. Унинг ҳаётидан розилигига гувоҳ бўламиз.  Биз учун рақамлар эмас, инсон қалби муҳим.

 Баҳодир ТОШЕВ,
Давлат хизматлари агентлиги
Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи
 

Понравилась статья? Жми лайк или расскажи своим друзьям!

Комментарии