Зарафшон шаҳри тарихи ҳақида

март 26, 2015   - 0 +
Қуш учса қаноти, одам юрса оёғи кўядиган саҳро ўртасида макон топган Зарафшон шаҳри – бу Навоий вилоятининг гўзал, чиройли ва саноати ривожланган, республикада эса энг кўп олтин ишлаб чиқариладиган воҳаси ҳисобланади. Ўзини жорий йилда 50 ёшини қаршилаётган бу шаҳар 1965 йилда ташкил топган бўлиб, умумий майдони – 0,02 минг кв.кмни (2618 га), аҳолиси – 73 500 кишини ташкил этади.( 2013 йилнинг 1 январ ҳолатидаги манбаларга кўра). Шаҳар вилоят марказидан 200 чақирим (километр) шимолий ғарбда, Қизилқум чўлларининг қоқ марказида жойлашган, ҳамма тарафдан Навоий вилояти Томди туманига қарашли ерлар билан чегарадош.Иқлими кескин континентал бўлиб, ёзи қуруқ -иссиқ, қиши эса совуқ иқлимли. Бу шаҳар асосан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Шаҳарда  жами 474 та корхона, ташкилот ва муассасалар ҳамда 396 кичик бизнес субъектлари  фаолият юритади.
Асрлар мобайнида қақраб ётган Қизилқум саҳросига 1958 йилда таниқли ўзбек геологи Ҳабиб Тўлаганов раҳбарлигидаги геологлар гуруҳи келиб, ҳозирги Зарафшон шаҳридан 20 чақирим (километр) узоқликда жойлашган дунёдаги энг катта ва узоқ истиқболли олтин конларидан бири деб саналган Мурунтов конини топишган. Ана шу сабабли ушбу ҳудуднинг геологик хусусиятлари, ер-ости бойликлари, олтин ва бошқа ноёб металлар заҳиралари кўплиги инобатга олиниб, давлат арбоби Шароф Рашидов томонидан шаҳарга "Зарафшон" деб ном берилган. Бу сўз форс-тожик тилидан олинган бўлиб, "зар-олтин", "афшон-сочилади, тўкилади" маъносини англатиб, бадиий ифодалаганда "олтин дарё" мазмунига эга. 

1964 йилда олтин конининг заҳиралари ҳажми аниқ исботлангандан сўнг бу ерда таркибида ноёб металл мавжуд маъдан (руда)ни қайта ишловчи саноат корхоналари ва турар-жой бинолари қуриш тўғрисидаги ҳукумат қарори имзоланган. Шу йилдан саҳро ўртасида шаҳар қурилиш бошланган. Шаҳар қурилиши билан бир қаторда 230 километр узунликдаги "Амударё-Зарафшон" сув қувури ўтказилиб, ҳудудга сув олиб келинган.
Бугунги кунда ана шу Мурунтов комплексида очиқ усулда олтин қазиб олинади, бу  кон олтин ишлаб чиқариш бўйича жаҳонда Индонезиядаги "Гросберг” корхонасидан кейинги 2-ўринда туради. Бу ерда Менделеев кимёвий элементлар жадвалининг 9999 проба ёмбилари энг асл олтин сифатида шуҳрат қозонган. Улар "Савдодаги яхши ном учун”, "Олтин юлдуз” (Мадрид, 1991-1995 йиллар) ва "Олтин глобус” (АҚШ-1995 йил) каби кўплаб халқаро мукофотларга сазовор бўлган. Зарафшон заргарлари томонидан мингга яқин турдаги зебу-зийнатлар ишлаб чиқарилади, уларнинг бозори чаққон. Яратилаётган нафис тақинчоқ ва буюмлар ижодкорларига берилган халқаро мукофотларнинг эса сон-саноғи йўқ.
Шаҳарда хорижий ҳамкорлар бир нечта қўшма корхоналар фаолият юритади.
Йўловчи ва юкларни ташиш асосан шаҳардаги саноат корхоналари Марказий Кон бошқармаси, Зарафшон қурилиш бошқармаси тизимидаги 3 та йирик автокорхоналар томонидан амалга оширилади. 
Аҳолига тиббиёт хизмати асосан 3-тиббий-санитария қисми ҳамда Тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоғли поликлиника орқали кўрсатилади. Шаҳардаги барча маданият тадбирлари "Олтин водий", "Юлдуз" маданият саройлари ташкил этилади. Динга эътиқод қилганлар учун мусулмонлар масжиди ва христианлар черкови мавжуд.
Ҳар йили аҳолининг 3200 нафардан зиёд фарзандлари 1977 йилда барпо этилган эртакнамо, табиати чиройли ва сўлим "Золотинка” болалар соғломлаштириш оромгоҳида дам олишади. 
Зарафшон шаҳри ҳам спортсеварлар юрти десак муболаға бўлмайди, чунки бу ерда "Қизилқум" футбол клуби ва "Прогресс", "Қурувчи" ("Строитель") спорт мажмуаларида спортнинг 30 дан ортиқ тури билан шуғулланишади. Қурқув туйғуси бегона бўлган спортсеварлар спортнинг экстремал турлари мотоспорт, парашютда сакраш, пауэрлифтинг билан ҳам шуғулланишди.Спортчилар парашют спорти билан 1982 йилдан, пауэрлифтинг билан эса 1989 йилдан шуғулланиб келишади. Спортчилар орасидан кўплаб республика ва жаҳон чемпионлари етишиб чиққан.
Шаҳар кўп сонли автомобил йўллари, темир йўл ҳамда ҳаво транспорти воситалари орқали ташқи дунё билан боғланган.
 Шаҳар марказида жойлашган Зарафшон ўлкашунослик музейи шаҳар тарихи, ушбу ҳудуднинг табиий ер ости бойликлари, Қизилқум чўлларининг ҳайвонот олами ва бой ўсимлик дунёси, саноат корхоналари тўғрисидаги ҳамда бошқа маълумотларни ўзида мужассамлаштирган. Бу ерда жойлаштирилган экспонатларни ўтмишдан ҳикоят қилади. Тарих гувоҳ беришича, қачонлардир ҳудуддаги Букантов, Уру дарасидаги мавжуд петроглифларнинг айримларидан Зарафшон шаҳри атрофларида ва унга яқин жойларда бир неча минг йиллар олдин ҳам одамлар яшаганлигини олимлар исботлашган. Букантовда эрамизгача бўлган биринчи минг йилликда қояга чизилган Шамон аёли суръати, Таохат қудуғи ёнидаги қояларга битилган туялар композицияси, Қирбукан қудуғи ёнида қояларга чизилган одам-қуш суръати ёки қуш ниқобидаги думли одамсимон мавжудот расмлари ҳам илмий жамоатчиликнинг катта эътиборини тортган. Ана шу жойларда харсанг тошларга чизилган турли ҳайвонлар қаторида қилич ва бошқа қуролларнинг расмлари ҳам учрайди.
 
Шаҳарда 13 та маҳалла фуқаролар йиғинлари,12 та мактаб, 1 та "Шодлик” меҳрибонлик уйи, 18 та мактабгача тарбия муассасалари бор.Шу билан бир қаторда шаҳарда ўрта махсус ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежлари жумладан, Саноат, Тиббиёт, Компьютер технологиялари коллежлари ҳамда Академик лицей ҳам бор. Шунингдек, Навоий Давлат Кончилик институти умумтехника факультети фаолият юритади. Бу факультет томонидан ер ости бойликлари ишлаб чиқариш соҳасида юксак малакали мутахассислар тайёрлашда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Бугунги кундаги шаҳарнинг ям-яшил либоси, офтобда биллурдек товланадиган фавворалари, кенг ва равон кўчалари, янги меъморий услубда қурилган турар-жой бинолари, саноат ва ижтимоий инфратузилма иншоотларини кўриб кўзингиз қувонади. Йўлингиз тушиб ушбу жойларга келиб қолсангиз, ҳақиқатдан ҳам ўзингизни саҳро ўртасидаги жаннатмакон бир шаҳарчага келиб қолгандек бўласиз. Яна бир нарса, бу ернинг одамлари самимий ва меҳмондўст. Бири Бухоролик, бири Самарқанддан.... Нафақат Ўзбекистон балки ҳамдўстлик мамлакатларининг турли ҳудудларида туғилган бу инсонларнинг умр йўли Зарафшонда туташган. Турли миллат вакиллари аҳил –иноқ яшаётган бу шаҳар уларнинг барчаси учун севимли ошиёню чунки турли касб эгалари ўз бахтини шу ердан топган, десак ёлғон бўлмайди. Агар бу шаҳар ҳақида яна ҳам кўпроқ маълумотга эга бўлишни истасангиз албатта бу ерларга бир келинг....

 

Мақолани ижтимоий тармоқларда тавсия ёки нашр қилиш учун
Ҳурматли меҳмон, Сиз веб-сайтга рўйхатдан ўтмаган фойдаланувчи сифатида кирганингиз учун Биз Сизга
рўйхатдан ўтишингизни ёки илгари рўйхатдан ўтган логинингиз орқали киришингизни тавсия қилардик.
 

Шарҳ қўшиш шакли

Сизнинг электрон манзилингиз очиқ ошкор этилмайди. Мажбурий тўлдириш керак бўлган қаторлар * билан белгиланган.

Полужирный Наклонный текст Подчеркнутый текст Зачеркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Смайликларни қўйиш Картинка Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера