Қизингиз турмушга тайёрми?

октябр 08, 2015   - 0 +

Аллоҳ таоло оила ва никоҳнинг муқаддаслиги тўғрисида шундай баён қилади: "Унинг аломатларидан(яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир” ("Рум"сураси, 21-оят).

Оила қуриш жаноб Пайғамбаримизнинг (с.а.в) суннатларидан бўлиб, бир ҳадиси шарифларида айтганлар: "Никоҳ менинг суннатимдир. Кимки менинг суннатимдан воз кечса, у мен (умматим)дан эмас".

Биз ушбу ҳақиқатни эътироф этган ҳолда турмуш қуриш, оила тебратиш ва фарзанд тарбияси каби муҳим ишларда диний ва миллий анъаналаримизга риоя қилиш билан бирга мамлакатимизда амалда бўлган қонун - қоидаларга ҳам амал қилишимиз зарур.

Никоҳ, оила доимо долзарб масалалардан ҳисобланиб келган. Ислом динида ҳам, халқимизнинг одатида ҳам унга эътибор билан қараб, оила мустаҳкамлигини таъминлашда барча бирдек масъул бўлган.

Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг "Шаръий никоҳдан ўтиш одоблари" тўғрисидаги фатвоси ҳам чиқарилган. Унда: "Шаръий никоҳ шартларига давлатимизнинг никоҳ ва оила тўғрисида қабул қилган қарор ва қонунлари ҳам қўшилади. Масалан, келин - куёв шаръий никоҳдан олдин никоҳни қайд қилувчи давлат идоралари рўйхатидан ўтиб, расмий гувоҳнома олган бўлишлари лозим. Расмий никоҳдан ўтмаган, ФҲДЁ гувоҳномасига эга бўлмаган ёш оилалар ажрашиб, она боласи билан кўчада қолишини ҳисобга оладиган бўлсак, шаръий никоҳ шартларига ҳукумат томонидан берилган ФҲДЁ гувоҳномасининг бўлишини ҳам муҳим шартлардан бири деб эътибор қилиш ўринлидир. Имомларнинг ФҲДЁ гувоҳномасини суриштирмай никоҳ ўқишлари ёш оилаларнинг ижтимоий ҳуқуқларини камситиш бўлса, гувоҳномани кўриб, сўнгра никоҳ ўқишлари ҳуқуқий жамият барпо қилаётган бир вақтимизда ёш оилаларнинг ижтимоий ҳуқуқини муҳофаза қилишдир..." дейилади.

Шундан ҳам кўриниб турибдики, оиланинг мустаҳкам бўлиши, унинг давлат қонунлари билан муҳофазаланган ҳолда қурилиши учун имом - хатибларимиз масъул экан, улар никоҳни ўқиш чоғида юқоридаги фатвога амал қилсалар, кўнгилсиз воқеаларнинг олди олинган бўларди.

Никоҳ ва оила масаласига ота - оналар ҳам доимо катта аҳамият беришлари лозим. Улар ўз фарзандларини ёш жиҳатидан оила қуришга тайёр эканлигига тўла қаноат ҳосил қилиб, сўнгра никоҳдан ўтказишлари шарт.

Киши ҳаётида бир марта бўладиган умр савдоси бўлмиш никоҳ масаласи доимо кенг мушоҳада ва кенгаш билан амалга оширилгани маъқулдир. Шу ўринда Пайғамбаримиз Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қуйидаги ҳадиси шарифларини эсга олиш жоиздир: "Қизларни турмушга чиқариш тўғрисида оналари билан маслаҳатлашинглар".

Агар бўлажак келин балоғат ёшига етган бўлса ҳам, аммо оила, масъулият, эр ва жамият олдидаги бурч ва вазифаларни англаш ва тасаввур этиш даражасида бўлмаса, у вақтда ўз оиласида ҳам жамиятда ҳам ўрнини топа олмайди ва бахтиёр оила қўрғонининг саодатли аъзоси даражасига ета олмайди. Фуқаролик жамиятида қабул қилинган қоидаларнинг ҳам Ислом шариати ҳукмларининг асл мақсади ҳам аёл ёки эркак бўлишидан қатъи назар, ҳаётда бахтиёр бўлишини, охиратда саодат аҳлидан бўлишини таъминлашдан иборатдир.

Ислом шариатида хотин - қизларни ҳам илм-маърифатли бўлишларига, ҳаётларида зарур бўлган барча маълумотларни эгаллашларига чақирувчи кўплаб ҳадислар бор. Хусусан, Пайғамбаримиз ҳадисларида:"Илм талаб қилиш барча мусулмон эркак ва аёлга фарздир", деб таъкидланган.

Бир нарсага аҳамият беришимиз лозим, қизларнинг балоғат ёши билан турмуш қуриш ёши бошқа - бошқа нарса экани ҳаётда ўз исботини топмоқда.

Балоғат ёши дегани – бу камолот ёши дегани эмас. Бунинг устига ҳозирги давр талаби бутунлай бошқача. Ёшлар мажбурий ўрта таълим босқичларини босиб ўтишлари шарт. Бунда ёшлар олдида 9 йил ўрта умумтаълим мактаби, ундан сўнг уч йил коллеж ёки лицей таълимини олиш зарурати туғилади. Зеро, динимиз таълимотларига кўра илм олиш, маърифатли бўлиш, ҳаёт учун зарур бўлган барча кўникмаларни ўрганиш ҳар бир қиз бола учун зарур. Борди - ю шундан олдин турмуш қурсалар, ўқиш ҳам чала, оила юмушлари ҳам, уй бекалиги ва бошқа барча ишлар ҳам чала бажарилишига йўл очилган бўлади. Илмли ва касб - ҳунарли аёлгина комил инсонни тарбиялай олади.

Эрта, вояга етмасдан турмуш қурганларнинг аксарияти ота - онасининг қарамоғида яшайди ёки турмушига дарз кетади. Бу борада ёш қизларнинг турмушдан кейинги ҳаёти нисбатан оғир кечади. Эрта ҳомиладорлик, нимжон бола туғилиши, рўзғор юмушларидаги уқувсизлиги боис у эшитадиган таънаю дашномлар охир - оқибатда унинг тинкасини қуритиб қўяди. Шу ҳақиқатни эътироф этган ҳолда турмуш қуриш, оила тебратиш ва фарзанд тарбияси каби муҳим ишларда диний ва миллий анъаналаримизга риоя қилиш билан бирга оила ва никоҳ ҳақидаги давлатимиз чиқарган қонун - қоидаларга ҳам қатъий амал қилиш зарур бўлади.

Шу ўринда яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ масаласига эътибор қаратишни лозим топдик. Ислом уламолари ва фақиҳлар истилоҳида "ал - муҳаррамот минан - нисо”, яъни "уйланишлик мумкин бўлмаган аёллар” ибораси мавжуд бўлиб, бу иборада маълум кишига нисбатан никоҳга олиш ҳаром қилинган аёллар тушунилади. Бу аёллар тоифаларини Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг "Нисо” сураси 23-оятида баён қилган:

"Сизларга (никоҳи) ҳаром қилинган (аёл)лар – бу, оналарингиз, қизларингиз, опа - сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа -сингилларингизнинг қизлари, эмизган «она»ларингиз, эмишган «опа - сингил»ларингиз, қайноналарингиз, жинсий яқинликда бўлган хотинларингизнинг қарамоғингизда бўлган қизлари – жинсий яқинликда бўлмаган бўлсангиз, сизларга гуноҳ бўлмас – яна, ўз пушти камарингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинларидир. Икки опа - сингилни қўшиб (никоҳлаб) олишингиз (ҳам ҳаром қилинди). Магар илгари ўтган бўлса (Аллоҳ афв этар). Албатта, Аллоҳ кечиримли ва марҳаматли зотдир”.

Ояти каримадан кўриниб турибдики, бу чекловнинг асосий сабаби яқин қариндошлик бўлиб, у қуйидаги воситалар орқали вужудга келади:

1.Насл - насаб;

2.Эмизишлик;

3.Уйланишлик, қудалик.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида кимлар ўртасида никоҳ жоиз бўлмаслигини баён этганлар: "Ҳеч бир аёл ўз аммаси, холаси, ака - укаларининг қизлари, опа - сингилларининг қизлари устига никоҳланмасин. Агар никоҳлансалар, қариндошлар ўртасидаги силаи раҳмни (қариндошлик риштасини), узган бўладилар” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Биз миллий анъаналаримизда ҳам мазкур оят ва ҳадис тақозо этган ҳукмга риоя қилинишини қайд этиш билан биргаликда мамлакатимизда амалда бўлган қонун ва қоидаларда ҳам бу маъно таъкидланганини кўришимиз мумкин. Оила кодексининг I бўлим, 16 - моддасида: "Насл - насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака – укалар билан опа - сингиллар ўртасида, шунингдек, фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида никоҳ тузишга йўл қўйилмайди”, дейилган.

Ислом дини уйланиш борасида қариндош бўлмаган оилалардан уйланишни афзал кўради. 
Аммо тиббий томондан олинадиган бўлса, ирсий касалликка мубтало бўлган оилалар қариндош - уруғлар ўртасида қиз олиш ёки бериш бўлса у вақтда фарзандлар заиф, паст бўйли, ақли оз бўлиб туғилиши ўз исботини топган. Насаб жиҳатидан бир - бирига бегона бўлган шахслар ўртасидаги никоҳдан туғилган болалар эса ҳолати заиф бўлмайди. Бунга сабаб сифатида яқин қариндошга уйланганда ўртада бўлган шаҳвоний интилиш у қадар кучли бўлмаслиги эканини ҳам мутахассилар қайд этганлар.

Бу ҳақда Ҳазрати Умар (р.а) ас - Соиб авлодларининг бир - бирлари билан қуда - анда бўлишларини кўрганларида: "Фарзандларингиз заиф ва озғин бўлмаслиги учун бегоналардан уйланингизлар”, деганлар (Иброҳим Ҳарбий "Ғариб ал - Ҳадис” китобидан).

Имом Ғаззолий ўзининг "Иҳёу Улум ад - дин” китобида Пайғамбар алайҳиссаломдан қуйидаги ҳадисни ривоят қилган: "Яқин қариндошларга уйланмангизлар, фарзанд нимжон бўлиб дунёга келиши мумкин”. Шунинг учун ҳам яқин қариндош - уруғлар ўртасидаги никоҳ оқибатида фарзандлар нимжон ва заиф таваллуд топиши кўпроқ кузатилган.

"Ирсият етти пушт суради”, деган гап бекорга айтилмаган. Қиз берганда ёки ўғил уйлантирганда етти пуштини суриштириш ҳам шундан келиб чиққан бўлса, ажаб эмас. Статистик маълумотларга кўра, қариндош бўлмаган оилаларда туғилаётган ҳар мингта гўдакдан иккитаси ногирон бўлиб дунёга келса, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳдан туғилган болалар мажруҳлиги икки-уч баробар кўп экан.

Миллат келажаги соғлом, ақлли фарзандлар қўлида бўлмоғи лозим. Фақатгина соғлом, баркамол, ақли етук авлодгина буюк келажакни қура олади.

 

 

Мақолани ижтимоий тармоқларда тавсия ёки нашр қилиш учун
Ҳурматли меҳмон, Сиз веб-сайтга рўйхатдан ўтмаган фойдаланувчи сифатида кирганингиз учун Биз Сизга
рўйхатдан ўтишингизни ёки илгари рўйхатдан ўтган логинингиз орқали киришингизни тавсия қилардик.
 

Шарҳ қўшиш шакли

Сизнинг электрон манзилингиз очиқ ошкор этилмайди. Мажбурий тўлдириш керак бўлган қаторлар * билан белгиланган.

Полужирный Наклонный текст Подчеркнутый текст Зачеркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Смайликларни қўйиш Картинка Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера