БАХТ КАЛИТИ АЁЛ ҚЎЛЛАРИДА

феврал 27, 2016   - 0 +

Бугун тадбиркорларимиз катта имкониятларга эга бўлди. Юртимиз ишбилармонларининг чет эллик сармоядорлар билан ҳамкорлик ва керак бўлса рақобат қилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бу истиқлол шарофати албатта. Бир вақтлар  тадбиркорлар  ҳақида гап кетгудек бўлса, энг аввало кўз ўнгимизга ўзини ўтга-чўққа урадиган, тўрт томонга елиб-югурадиган, агар у аёл бўлса ўзига, кўзгуга қарашга ҳам вақт топа олмаётган, елкасига катта қоп  ортган, агар эркак бўлса гоҳо соч-соқолини олишга ҳам  улгурмаётган  бир аҳволдаги  ишбилармонларнинг қиёфаси  намоён бўларди.

 

            Аксарият тадбиркорлар оила, бола тарбиясига ҳам вақт топишни унутиб қўйганди. Ҳали мактаб чоғидаёқ   ўғил-қизларини бозорга ўргатган ота-она тадбиркорларимиз ҳам афсуски йўқ эмасди.

 

            Қаҳрамонимиз эса бутунлай бошқача. Ёзувчи Антон Чеховнинг "Инсонда  ҳамма нарса гўзал бўлиши керак...” деган машҳур фалсафаси айнан унга мос келади, десак асло  муболаға бўлмайди.  Холисхон билан илк бор суҳбатлашган кишининг хаёлига шу нарса ёдга келади: Дидли, фаросатли, билимли, маданиятли, тарбияли, латофатли, ўз иши ва ўз кучига ишонган замонавий ишбилармон аёл.

Холисхон Қодирова асли болалар шифокори. Тошкент  педиатрия тиббиёт институтини тугатгач, салкам ўн йил ўз соҳасида фаолият кўрсатди. Дастлаб Ғиждувонда болалар маслаҳат поликлиникасида шифокор, кейин турмуш ва тақдир тақозоси билан Зарафшон шаҳрида поликлиникада болалар шифокори бўлиб ишлади. Фарзандлар тарбияси, оила қувонч ва ташвишлари... Ҳаммасини рисоладагидек  уддалашга ҳаракат қилди, интилди ва   кўзлаган мақсадларига эришди.

-Навоий шаҳрига кўчиб келганимизга ҳам салкам ўн йил бўлади,- дейди қаҳрамонимиз. –Касбимдан нолимайман. Аммо мамлакатимизда тадбиркорликка берилаётган эътибор ва имтиёзлар мени ҳам  бефарқ қолдирмади. Истиқлолимизнинг фахру ифтихорини бугун барча касб эгалари қаторида  мен ҳам тадбиркор сифатида ҳис этгим келди. Президентимизнинг тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасидаги қатор Фармон ва қарорларининг ҳаётга тадбиқ этилиши, мамлакатимизда  қулай ишбилармонлик муҳитининг яратилганлиги ва тадбиркорлар ҳимояси давлатимиз, шахсан Юртбошимизнинг диққат –эътиборида эканлиги менга қанот бўлди.

 Фарзандларимнинг келажаги,  бошқалардан кам бўлмай бахтиёр яшашлари, ўқишлари учун бу соҳага қадам қўйдим. Оиламизда саккиз нафар  фарзанд бўлганмиз. Ота-онам оддий қишлоқ одамлари бўлса ҳам, бизни ҳеч кимдан кам қилмай ўстирган,  олий маълумотли бўлишимиз учун  тинимсиз қиналиб меҳнат қилган. Шундай бўлса ҳам ,  биз талабаликда  ёш оила сифатида  турмушнинг анча-мунча синовларидан  ҳам ўтганмиз. Турмуш ўртоғим Шавкат Шарипов билан ота-оналаримизни ортиқча уринтирмаслик учун талаба бўлсак ҳам, ўзимизнинг юкимизни ўзимиз тортганмиз. Бирин-кетин фарзандларимиз  дунёга келиб, катта оилага айландик. Уч ўғил, бир қизни тарбиялаяпмиз. Жажжи дилбандимиз –неварамиз ҳам бор. Катта ўғлимиз Шамшод Ички ишлар вазирлиги академияси талабаси, келинимиз Азизахон Тошкент Тиббиёт академияси талабаси,   яна бир ўғлимиз Миршоджон Тошкент Молия институти талабаси, қизимиз Зарина   коллежда таҳсил олмоқда. Жаҳонгиримиз боғчада.  Ҳар бир ҳаракатимиз, ҳар бир қадамимизда Президентимизнинг  "Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт!”    деган  даъватларини ҳис этамиз. Ана шу ундов барча сайъи ҳаракатларимизни бошқариб туради.

Ҳа, тадбиркорлик фаолиятини чакана савдодан бошлаган Холисхон Қодирова  бугун "Жаҳон бизнес барака сервис” масъулияти чекланган жамият раҳбари. Сервис соҳасини ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси учун  Навоий шаҳридагина эмас, балки вилоятда ҳам ўз ўрнини топган ишбилармонлардан. Оддий қилиб айтганда, Навоийда ҳавас қилса арзийдиган инсон.   Ўтаётган йилда тадбиркор аёллар ўртасида ўтказилган шаҳар танловида сервис  соҳасини ривожлантиришдаги хизматлари учун ғолибликни қўлга киритди. Бундан ташқари, "Қишлоққурилишбанк”нинг намунали мижози сертификатини олишга сазовор бўлган. У шаҳардаги "Чинор” маҳалласида ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришга қўшган ҳиссаси учун вилоят  ва шаҳар Кенгашлари депутатларининг ташаккурномаларини  олишга муваффақ бўлган. Энг муҳими,  халқ хизматида, одамларнинг ишончига, ҳурматига сазовор бўлган аёл. 8  нафар ишчи иш билан таъминланган. Ишчиларнинг аксарияти касб-ҳунар коллежларини битирган ёшлар. Шаҳар аҳолисининг иш вақтига мослаб, иш икки сменада- соат  эрталаб еттидан   тунги ўн биргача ташкил этилган.  Ишдан кеч қайтаётган фуқаролар  "Жаҳон маркетдан”  нону тузларини хотиржам олиб кетишга одатланишган. Кундалик харид молларининг сифатли ва арзон нархда эканлиги аҳолига айниқса қўл келмоқда. "Қишлоққурилишбанк”дан олинган кредит ёрдамида товарларнинг тури мингдан ошди. Сервис хизматининг яна бир замонавий жиҳати-  Пекиндан  олиб келинган  махсус чип аппарати ёрдамида товарларни   назоратдан ўтказади.

Тадбиркор аёл ўз ишчи-хизматчиларинигина ҳимоялаш билан чекланмайди.  Хайру саховат кўрсатишни қадриятларимиз қаторига қўшади. Шу боисдан ҳам  ҳудуддаги "Чинор” маҳалласида истиқомат қилувчи кам таъминланган, ёрдамга муҳтож оилаларга, шаҳар кўзи ожизлар жамиятига беминнат ёрдам кўрсатиб келади.

Навоий шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитасининг раиси,  вилоят Кенгаши депутати Муҳаббат Темирова ҳам  Холисхон Қодирова нафақат  намунали тадбиркор аёл, балки ибрат олса арзийдиган оила бекаси, меҳрибон она, самимий ва камтарин  инсон эканлигини алоҳида эътироф этди.

Ҳа, "Жаҳон” маркетга ташриф буюрган  таъби, диди  нозик мижоз гўзал манзаралар галереясига кириб қолгандек сезади ўзини. Расталарнинг ўзига хослиги ва чиройли тартиб кишига ҳузур бағишлайди. Савдо маданияти, муомала маданиятини кўриб, кўнглингизда қувонч, чеҳрангизда табассум билан дўкондан чиқасиз. Мабодо совғалар бўлимига кирсангиз қайтиб чиққингиз келмайди. Яна ўша нозик дид, ўша нозик таъб Сизга ёрдамга келади. Ўзини ҳурмат қилган тадбиркор мижозларни ҳам худди шундай ҳурматга лойиқ кутиб олиши ҳам юксак маданият намунаси, албатта.

Холисхоннинг  оила, фарзанд тарбияси, қуда-андачилик, қайнона-келин муносабатлари тўғрисидаги фикрларидан ҳам ибрат олса арзийди.

-Аҳил оила фарзанди бўлиб камолга етганмиз. Онамнинг дуолари  мени доимо қўллаб туришини биламан. Қайнонам Зайнаб ая билан онамнинг ўртасида кўприкман. Уларга гап эмас, доимо  меҳр етаклаб  борганман. Улар ўртасидаги чиройли қудачилик муносабатларида,  туғишган опа-сингилдек бўлиб қолишларида  нокамтарлик бўлса ҳам менинг  хизматим  борлигидан жуда мамнунман. Улар мендан рози, мен эса улардан миннатдорман. Келин-овсинлар жуда иноқлигимиз учун ака-укалар ўртасида  ҳам меҳр –оқибат кучли. Кўпни кўрганлар  қадимда  " Агар ака-укалар уришса, демак келинларни калтакланг...” деб бекорга айтишмаган. Фарзандларим ҳам  бизга ўхшаб ота-оталар, буви-боболар дуосини олиб яшасин дейман!

-Юртимиз тинч, халқимиз фаровон, турмушимиз обод. Фарзандларимиз бахтиёр, уларнинг эртасидан кўнглимиз тўқ. Бундан ортиқ бахт борми   аёл учун?

Дарҳақиқат, бахт калити аёл қўлида. У саодат остонасида туриб оиладаги барча яқинларига, меҳрибонларига бахт улашади, қувонч улашади. Бу қувонч эса қанча-қанча дилларни  севинтиради, бир-бирига боғлайди.

Холисхоннинг  орзулари ҳам ниятларидек юксак. Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга ўз ҳиссасини қўшиш истагида  Навоий шаҳрида диагностика марказини  ташкил қилиш ташвишлари билан юрибди. Юртбошимизнинг куни кеча Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 23 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишдаги маърузаси Холисхонни янаям тўлқинлантирди. Дилидаги истакларини тезроқ амалга ошириши учун янги имкониятлар пайдо бўлганидан қувонди.

  Кириб келаётган янги – 2016 йилни юртимизда Соғлом она ва бола йили, деб эълон қилиниши эса айни муддао бўлди. 
            Оналар ва болаларга аталган келгуси йилда   болажонлар учун имтиёзли тиббий кўрикларни ташкил қилиш режалари аллақачон тузилган. Чунки соғлом авлод фақат оиланинг эмас, балки жамият ва давлатнинг бебаҳо бойлиги эканлиги ўз-ўзидан аён. Юртимизнинг қора кўзлари, дилбандлари бизнинг дилбандларимиз. Улардан ҳеч нарсани аяб бўлмайди... Юртбошимиз айтган ниятлар ва мақсадлар албатта  рўёбга чиқади, амалга ошади. Бунга  асло шак- шубҳа йўқ! Чунки бахт калити аёл қўлларида.

 

Мақолани ижтимоий тармоқларда тавсия ёки нашр қилиш учун
Ҳурматли меҳмон, Сиз веб-сайтга рўйхатдан ўтмаган фойдаланувчи сифатида кирганингиз учун Биз Сизга
рўйхатдан ўтишингизни ёки илгари рўйхатдан ўтган логинингиз орқали киришингизни тавсия қилардик.
 

Шарҳ қўшиш шакли

Сизнинг электрон манзилингиз очиқ ошкор этилмайди. Мажбурий тўлдириш керак бўлган қаторлар * билан белгиланган.

Полужирный Наклонный текст Подчеркнутый текст Зачеркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Смайликларни қўйиш Картинка Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера