ЯШНАЁТГАН ВА ЯНГИЛАНАЁТГАН НАВОИЙ

август 22, 2016   - 0 +
 Мамлакатимизда мустақиллик йилларида муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида барча соҳаларда олиб борилган кенг қамровли ислоҳотлар бугун ўз самарасини бермоқда. Юртимизнинг қай бир ҳудудига борманг, улкан бунёдкорлик ва қурилиш ишларининг гувоҳи бўласиз. 80 дан ортиқ миллат истиқомат қилаётган Навоий вилояти ҳам мустақиллик йилларида ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ҳам, саноат салоҳияти жиҳатидан ҳам тобора юксалиб бормоқда, десак асло муболаға бўлмайди. Негаки, Юртбошимиз ташаббуслари билан 1992 йилда янгидан Навоий вилоят сифатида қайта тикланди. Натижада бетакрор табиатга эга бўлган воҳани барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, шу заминда яшаётган кўп миллатли аҳолининг турмуш даражаси яхшиланишига катта эътибор қаратила бошланди. Шунинг учун ҳам Навоий вилоятининг юксалиши энг улуғ, энг азиз саналган мустақиллик билан бевосита боғлиқ.
Президентимизнинг 2008 йил 2 декабрдаги "Навоий вилоятида эркин индустриал-иқтисодий зона ташкил этиш тўғрисида”ги Фармонига асосан вилоятнинг Кармана тумани ҳудудида "Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси ташкил этилгани эса вилоятда қулай ишбилармонлик муҳитини яратиб, хориж инвесторларини жалб қилиш учун кенг имкониятларни очиб берди. Бунинг натижасида минглаб янги иш ўринлари яратилиб, аҳолининг фаровон ҳаёт кечиришига замин яратди. Навоий халқаро аэропортини янада ривожлантириш ҳисобига эса Европа ва Осиё давлатлари ўртасидаги йўналишларда катта ҳажмдаги юклар ва йўловчи транзит рейслари қабул қилиш имконини берадиган Марказий Осиё ҳудудидаги ягона халқаро логистика маркази ташкил этилгани "Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасининг ривожида муҳим ўрин тутмоқда.
Бундан ташқари, Навоий республикамизда ўзининг йирик саноат салоҳияти билан ажралиб туради. Марказий Осиёдаги қудратли ва йирик "Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси, "Навоийазот”, "Қизилқумцемент”, "Навоий иссиқлик электр станцияси” акциядорлик жамиятлари ва бошқа юзлаб корхоналар шулар жумласидандир. Мустақиллик йилларида олиб борилган кенг қамровли иқтисодий ислоҳотлар ва технологик янгиланишлар туфайли корхоналар сони кескин ортди. Мисол учун мустақиллигимизнинг илк йилларида вилоятда 110 тадан ортиқ саноат корхонаси фаолият юритган бўлса, улар сони 2016 йилнинг I чорагида эса 1515 тага етди.
Дарҳақиқат, Истиқлол халқимизга янги тараққиёт эшикларини очиб берди. Юртимизга барқарорлик, халқимизга фаровонлик, ҳаётимизга тинчлик-осудалик,  кўнглимизга хотиржамлик, кучимизга куч, қалбимизга шижоат бағишлаган Истиқлол эпкинлари Навоий вилоятининг шаҳару қишлоқлари қиёфасида ҳам бўй кўрсатаётганини ҳар бир фуқаро чин дилдан ҳис этмоқда.
Вилоятда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, аграр соҳани янада юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда вилоятда фаолият юритаётган 2 442 нафар фермер хўжаликлари 101 502 гектар ер майдонларида деҳқончилик қилмоқда.
Жорий йилда вилоятда қишлоқ хўжалигининг 9 та йўналишини жадал ривожлантириш мақсадида жами 591 та лойиҳаларни ишга тушириш режалаштирилган бўлиб, ушбу лойиҳаларга жами 83,4 млрд. сўм маблағ йўналтириш ва бу орқали 1 340 та янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилган. Чорвачилик, қуёнчилик, паррандачилик, асаларичилик, мева-сабзавотчилик, узумчилик йўналишлари тобора ривож топиб бораётгани фикримиз далилидир. Эришилган бу ютуқлар замирида мустақиллик йилларида Президентимиз томонидан қишлоқ жойларни ободонлаштириш ва бу ерда яшаётган аҳолининг фаровон ва тўкис ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилган Қарор ва Фармонлари ҳаётга татбиқ этилаётганининг сарамараси ётганлигини ҳар бир фуқаро чин дилдан ҳис этмоқда. Мустақиллик яратиб берган кенг имкониятлардан оқилона фойдаланиб, ҳам оиласининг фаровон ҳаёт кечиришини, ҳам Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқда.
Шу ўринда алоҳида айтиш жоизки, вилоятнинг олис ҳудудларидан бири бўлган Нурота туманида сўнгги йилларда барча соҳалар қатори қишлоқ хўжалиги кенг ривож топиб бормоқда. Айниқса, ғаллачилик, чорвачилик,  қоракўлчилик, паррандачилик, мева-сабзавотчилик, сабзавотчилик йўналишларида эришилаётган ютуқлар таҳсинга сазовор. Мисол учун мутлақо янги технология — томчилатиб суғориш орқали минг гектардан ортиқ майдонда ташкил этилган интенсив боғларда сархил мевалар етиштириш йўлга қўйилди. Йиллик қуввати 10 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган "Сагдиана нон” корхонаси фаолиятининг йўлга қўйилгани эса соҳа ривожига муносиб улуш қўшмоқда. Бундан ташқари, тумандаги "Нурота”, "Истиқлол”, "Ғозғон” наслчилик-қоракўлчилик ширкат хўжаликларида ҳам сифатли қоракўл тери етиштириш, чорва моллари бош сонини ошириш ва  узоқ йиллардан бери меҳнат қилиб келаётган мутахассис ва чўпонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.
          — Мустақиллик йилларида ҳукуматимиз томонидан қоракўлчиликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганлиги туфайли иқтисодий барқарорлигимизни таъминлаш ва соҳа меҳнат қилаётган мутахассис ва чўпон-чўлиқларни ижтимоий ҳимоялашга эришяпмиз, — дейди тумандаги "Ғозғон” наслчилик-қоракўлчилик ширкат хўжалиги раиси, халқ депутатлари туман кенгаши депутати Истам Исмоилов. — Айни пайтда хўжалигимизда 27 минг бошга яқин майда шохли боқилмоқда. Уларга ажратилган 55 минг гектар яйловдаги 32 отарда меҳнат қилаётган чўпонларга барча шароитлар яратилган. Яратилган имкониятлар самарали фойдаланиб келаётган Рамазон Ибрагимов, Абдуҳамид Шеров каби чўпонлар ҳар бир бош совлиқдан бир бошдан қўзи олиб, унинг ҳаммасини ўстиришга қолдирмоқда.
          Ҳа, вилоятда қоракўлчиликни ривожлантириш бўйича қилинаётган ишлар таҳсинга сазовор. Негаки, Республикамиздаги қоракўлчилик ширкат хўжаликларида етиштирилаётган маҳсулотларнинг асосий қисми вилоятдаги қоракўлчилик ширкат хўжаликлари улушига тўғри келади. Марказдан олисда жойлашган Конимех, Томди, Учқудуқ туманлари ҳудудида жойлашган ширкат хўжаликларида ҳам мустақиллик яратиб берган имкониятлар бўй кўрсатмоқда.
          — Чўпонлик менга ота касб, — дейди Конимех тумани "Маданият” ширкат хўжалиги ёш чўпони Сакен Эрабилов. — Оллоҳга шукрки, касбим орқасидан ҳеч кимдан кам бўлдмадим. Олис қишлоқда яшасак ҳам мустақиллик шарофати билан шарт-шароитларимиз кундан-кунга яхшиланиб бормоқда. Давлатимиз томонидан бизга ҳамма шароитлар яратиб берилган. Фарзандларим билан мустақиллик йилларида қурилган иншоотлар, муқаддас зиёратгоҳларга бориб турамиз. Яхши дам, меҳнатга ҳамдам деганларидек юртимизда бунёд этилаётган бундай бунёдкорлик ишлари кишини янада зўр шижоат билан меҳнат қилишга ундайди.
          Навоий шаҳридан камида 150 километр олис масофада жойлашган "Элтой” деган овул бор. Конимех тумани "Абай” номли наслчилик ширкат хўжалиги ҳудудида жойлашган бу овулда яшаётган аҳоли чорва моллари ва қоракўл қўйлари боқиш билан шуғулланади. Бутун умри чорвачилик соҳаси билан ўтган Аловуддин Хўжамқулов деган 74 ёшли отахон шу овулда яшайди. Отахонни анча йиллардан бери яхши танийман. Танти, меҳнаткаш ва бағрикенг инсон. Шу-шу оддий чўпонлик касби орқасидан 11 нафар фарзандни ҳеч кимдан кам қилмай вояга етказди. Уларни олий ўқув юртларида ўқитди, уйли-жойли қилди. Фарзандлари ўзига тинч, ижтимоий-иқтисодий тармоқларда хизмат қиляпти. Ота учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак. Ҳозир фарзандлар, набиралар ардоғида. Айтганча, отахон 2014 йили мустақиллик берган имкониятлардан фойдаланиб, муқаддас ҳаж сафарига ҳам бориб келди.
Яқинда отахонни Ибройим Бобонов деган шогирди билан Навоий шаҳрида учратиб қолдим. Отахон бир неча кундан бери шаҳарни томоша қилиб юрган экан.
— Эй, бу биноларни қара, кишини ҳаваси келади, — дея сўз бошлади Аловуддин бобо. — Марказий бозор "Саховат”даги одамлар учун яратилган қулайликларни қара. Тоза, озода савдо дўконлари, уларда хизмат қилаётган сотувчиларнинг ширин муомаласини айтмайсизми? Бозорнинг нариги томонида янгидан қурилган кўпқаватли уйларни, Навоий кончилик институтининг муҳташам биноларини кўриб, киши кўзи қувнайди, шундай кунларга етказгани учун оллоҳга шукроналар, мустақилликка тасаннолар, одилона ва оқилона сиёсат олиб бораётган президентимизга раҳматлар айтаман. Айтгандай кеча бир юмуш билан шаҳардаги "Ғалаба шоҳ” кўчасига йўлим тушди. Бир пайтлар бу ерларда пстқам уй-жойлардан иборат эди. Очиғи, бу ердаги ўзгаришларни кўриб, ҳайратим ошди. Кенг ва равон йўллар, икки қаватли уйлар, савдо дўконлари, йўл четида чаманзору гулзорлар киши баҳри дилини очади. Одамларнинг шундай обод ва озодаликда яшашига шароит яратиб бераётган давлатимизга раҳматлар айтмай бўладими? Хуллас, вилоятимиз маркази бўлган Навоий шаҳрини чаманзору гулзорга айланганини кўриб, кишини бу ердан кетгиси келмайди. Одамлар дам олиши, саёҳат қилиши учун барча шароитлар яратилган. Истироҳат боғи, сузиш ҳавзаси ва кўпқаватли уйлар ёнида ташкил қилинган дам олиш жойларида минг-минглаб аҳоли ва меҳмонлар ҳордиқ чиқаряпти...
— Сиз яшаётган "Элтой”да шароитлар қандай?, — сўрайман у кишидан.
— "Элтой”ни бугунги ҳаётини бундан 20-25 йил бурунги аҳволи билан ҳечам солиштириб бўлмайди, — дея сўзини давом этди отахон. —Марказдан олисда бўлса ҳам замонавий уй-жойлар қурилаётгани овулимиз чиройини очмоқда. Қувонарлиси, овулимизда яшаётган оилаларнинг кўпчилигида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомашиналар бор. Улар билан исталган пайтда исталган манзилга бориш ва келиш мумкин. Ҳозир Навоийга ёки Тошкентга бориш ҳеч ҳам қийинчилик туғдирмайди. Эҳ, бир замонлар Навоий шаҳрига келиб-кетишнинг ўзи бўлмасди. Кунлаб автобус кутишга тўғри келарди(енгил машина қайда дейсиз). Исталган хонадонга кирсангиз у ердаги шароитлар шаҳарникидан қолишмайди. Бежирим ва чиройли мебеллар, замонавий совутгич, кондиционер ва бошқа жиҳозлар билан жиҳозланган. Бу шароитларнинг тўкин-сочинликларнинг, энг муҳими, тинч ва осуда ҳаётимизнинг барча-барчаси мустақиллик шарофатидан эмасми? Энг муҳими, овулимизда яшаётган ҳар бир фуқаро шундай обод ва озод, тинч ва фаровон юртда яшаётганидан кўнгли тўқ, келажакка бўлган ишончи юксак. Бундай дориломон кунларга етганлар бор, етмаганлар бор. Ана шулар ҳақида ўйлаб, шу юртда яшаётган ҳар бир фуқаро мустақил Ўзбекистонимизнинг ҳурлигини, озодлигини, тенглар ичра тенглигини қанча қадрласа, кўзларга тўтиё қилса арзийди деб баралла айтаман.
Ҳа, шундай. Бағрикенг, меҳнаткаш ва танти вилоят аҳли ўзлари яшаётган манзилларда давлатимиз томонидан ана шундай бунёдкорлик ишларини олиб борилаётганини кўриб, истиқлол яратиб берган имкониятларга тасаннолар айтгани ҳолда фидокорона меҳнат қилмоқда. Бу эса ўз навбатида вилоят ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини ошириш билан бирга Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса бўлиб қўшилаётгани киши қалбини фахру ифтихорга тўлдиради, албатта.

 

Мақолани ижтимоий тармоқларда тавсия ёки нашр қилиш учун
Ҳурматли меҳмон, Сиз веб-сайтга рўйхатдан ўтмаган фойдаланувчи сифатида кирганингиз учун Биз Сизга
рўйхатдан ўтишингизни ёки илгари рўйхатдан ўтган логинингиз орқали киришингизни тавсия қилардик.
 

Шарҳ қўшиш шакли

Сизнинг электрон манзилингиз очиқ ошкор этилмайди. Мажбурий тўлдириш керак бўлган қаторлар * билан белгиланган.

Полужирный Наклонный текст Подчеркнутый текст Зачеркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Смайликларни қўйиш Картинка Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера