ПОРЛОҚ ИСТИҚБОЛ ШУКУҲИ

август 24, 2016   - 0 +
 Кўп минг йиллик тарихга эга она юртимиз – Ўзбекистон жаҳонга юз тутди. Истиқлол боис, ўзбек миллатининг борлигини дунё ҳамжамиятида намоён этди. Жаҳон сиёсий харитасида Ўзбекистон давлати пайдо бўлди. 
Аслида, буюк тарихга эга бўлган халқ дунё тамаддунида нечоғли ёрқин излар қолдирганлиги бугунги кунда эътироф этилмоқда. Ватанимиз ҳудуди инсониятнинг энг қадимги манзиллари бўлганлигини тасдиқловчи қадимшунослик манбалари, осори-атиқалар, ўлмас обидалар бу заминнинг муқаддаслиги, бетакрорлиги, мўъжизакорлигини куйлайди ва уни бутун инсоният ҳайрат ва ҳаяжонда тинглайди. Даврлар, замонлар, асрлар эврилди, аммо буюк тарихни яратувчи халқ боқий қолди. У бугунги кунда ўтмишнинг суронлари, тўфонлари, яралишлари ва йўқотишларидан сабоқ олиб, янада нурли манзилларга интилмоқда. Халқимизнинг асрий орзуси – мустақилликнинг қўлга киритилганлиги, озодлик, ҳурлик насимининг ҳаётбахш қудрати буюк бунёдкорлик ишларига даъват этмоқда.
Чорак аср – тарихан қисқа давр. Аммо халқ азму шижоати, матонат ва иродаси шундай қудратли кучки, у лаҳзаларнинг мазмунини асрларга тенг қила олади, йилларнинг шукуҳини тарих зарварақларига муҳрлайди. Буюк саодат – мустақиллик ҳурлик ва озодликка ташна халқимизни яратувчилик, бунёдкорлик, мислсиз қаҳрамонликлар сари бошлади. Бунда бизни улуғ аждодларимизнинг пок руҳлари қўллади. Тарихнинг энг олис пучмоқларидан улуғ сиймолар яратган илмий-маданий меросимиз бўй кўрсатиб, бизнинг порлоқ истиқбол барпо этишдек эзгу ишларимиз рўёби учун йўлчи юлдуз бўлди. Абу Наср Фаробий, Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд аз-Замахшарий, Нажмиддин Кубро, Аҳмад ал-Фарғоний ва бошқа ўнлаб алломаларимизнинг жаҳон илм-фани, маданияти ва санъатига қўшган ҳиссалари, улар қолдирган бебаҳо мерос бизга руҳий қувват берди, қалбимизни фахр-ифтихор ҳисларига тўлдириш билан бирга улуғ аждодларимизга муносиб ворислар бўлиш масъулиятини оширди. Ўзбек миллий давлатчилиги тарихига асос солган соҳибқирон Амир Темурнинг давлат ва сиёсат арбоби сифатидаги фаолияти, темурийлар даври тарихи синчиклаб ўрганилди, сурурга тўла қалб билан илмий тадқиқотлар олиб борилди, илмий, тарихий ва бадиий асарлар яратилди. Бу билан шу пайтгача она тарихимиз ҳақидаги ҳукмрон бўлиб келган чалкаш тасаввурлар, нохолис ёндашувлар, атайлаб йўл қўйилган сохталикларга барҳам берилди. Бебаҳо маънавий обида – "Авесто”нинг 2700 йиллиги, Марғиноний, Мотуридий, Аҳмад ал-Фарғонийнинг юбилейлари, Имом ал-Бухорий, Жалолиддин Мангуберди шарафига тикланган меъморий мажмуа ва монументал ёдгорликлар миллатимиз руҳий-маънавий дунёсини бойитишда, илмий ва бадиий тафаккур хазинаси бойлигини дунёга кўз-кўз қилишда муҳим аҳамият касб этди. Шундай бой тарихга, беқиёс бойликка эга халқ келажаги порлоқ эканлиги ўз-ўзидан аён. Хорижлик меҳмонлар – давлат раҳбарлари, жамоат ва сиёсат арбоблари, ишбилармонлар юртимизга ташриф буюрган чоғлари олган таассуротлари ҳақида сўзлар эканлар, мустақилликка эришилгандан кейин ўтган қисқа вақт ичида халқимиз қўлга киритган ютуқлар салмоғидан ҳайратга тушганликларини яширишмайди. Иқтисодиёт ва қулай ишбилармонлик муҳитининг барқарорлиги туфайли жаҳоннинг энг ривожланган мамлакатлари тадбиркор ва ишбилармонлари юртимиз тадбиркорлари билан ҳамкорлик қилишга, йирик компаниялар ва банклар ўз инвестицияларини ишонч билан киритишга ҳаракат қилиб келишмоқда. Бу эса мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга, улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширишга, турмуш фаровонлигининг янада ошишига ёрдам бермоқда.
Мамлакатимиз кўрки, ҳусни тароватини марварид шодасига қиёсласак, Навоий вилояти шу марварид шодасида битта гавҳар донасидир. Ҳудуди жиҳатидан энг йирик вилоятимиз қиёфаси мустақиллик йилларида тубдан ўзгарди. 1992 йилда қайта тикланган вилоят Бухоро ва қисман Самарқанд вилоятлари ҳудудлари асосида ташкил этилганди. Таркибига саккизта қишлоқ тумани, бешта шаҳар кирган вилоят қиёфасини ўша йилларга гувоҳ бўлган кишилар ҳам ҳозир тасаввур қилишолмайди. Чунки бугунги кунда ўша пайтдаги қишлоқлардаги тор, қинғир-қийшиқ йўллар, инфраструктуранинг бир хиллигига бутунлай барҳам берилган. Қишлоқларимизга бир қаранг! Кенг ва равон йўллар, бири-биридан чиройли, муҳташам аҳоли уйлари, маданий-маиший хизмат нуқталари, сервис шохобчалари кўзни қувнатади. Қишлоқ кўчалари кечалари ҳам кундузгидек ёп-ёруғ. Хонадонлар электр энергияси, табиий газ билан таъминланган. Бир вақтлар кишилар турли юмушлар билан шаҳарга қатнарди. Эндиликда ҳар бир қишлоқда барча қулайликлар мавжуд. Қишлоқ хонадонларининг ижтимоий-маиший шарт-шароитлари шаҳардагидан асло қолишмайди. Кўримсиз уйлар ўрнида баланд-баланд уйлар қад кўтарди, ҳатто баъзилар икки ва уч қаватли бинолар қура бошлашди. Айниқса, намунали лойиҳа асосида "Қишлоққурилишбанк” маблағлари эвазига қад ростлаётган ва уй-жойга муҳтож аҳолига имтиёзли кредитларга берилаётган намунавий лойихадаги замонавий уйлар қишлоқларимиз жамолини буткул ўзгартириб юборди. Буларнинг барчаси аҳоли даромадларининг тобора ошиб бораётганидан эканлигини англаш қийин эмас. 
Навоий шаҳри мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг энг чиройли, хушманзара шаҳарларидан бирига айланди. Вилоят маркази қисқа вақт ичида таниб бўлмас даражада ўзгарди. Бу ерда барпо этилган 105 гектарлик Навоий номли истироҳат боғи кундан-кунга янада фусункор тароват касб этиб бораяпти. Амфитеатр ўзида мустақиллик кўрки ва чиройини акс эттириб, шаҳар гўзаллигини оширди. Бу ерда байрам сайиллари, маданий-маърифий тадбирлар зўр шодиёналар остида ўтиши одатий бир ҳолга айланган. Боғнинг жанубий қисмида катта майдонда болалар истироҳат маскани ташкил этилгани, энг янги замонавий аттракционлар билан таъминлангани бахтли болаликнинг сурурини намоён этади. "Aqua-Park”, "Ёшлар маркази”, Навоий Давлат кончилик институти талабалари тураржойи бинолари боғ ҳуснига янада ҳусн қўшди. "Умид ниҳоллари” спорт мусобақаларининг финал босқичи вилоятимизда ўтиши муносабати билан "Умид” қўрғони ҳудудида "Ёшлар” спорт мажмуаси барпо этилди. Футбол стадиони, замонавий қишки спорт мусобақалари учун заллар, футбол мактаб-интернати янги биноси, кураш мажмуаси ва бошқа иншоотлар спорт шаҳарчасига кўркам, улуғвор қиёфа бахш этди. Марказий кўчалар йўлакларининг ҳар иккала томони гулларга бурканди, декоратив орнаментлар чорраҳаларга ажиб чирой бахш этди. Шаҳримизга ташриф буюрган меҳмонлар бу ўзгаришларни кўриб, ҳайратга тушганликларини қайта-қайта изҳор этишади. Йил сайин шаҳримизда салобати ва латофати билан кишини ҳайратда қолдирадиган бинолар кўплаб қурилмоқда. Шаҳар марказий бозори ҳудудида қад ростлаган "Янги ҳаёт” гипермаркети ана шундай қурилишлардан биридир. "GRAND-НOTEL” меҳмонхонаси, "Навоий савдо комплекси”, "Techno-Planet” савдо мажмуаси ва яна бошқа ўнлаб маҳобатли бинолар шаҳар қиёфасини гўзаллаштирди. Шаҳар марказий бозори жанубида қад ростаётган ҳар бири етти қаватли аҳоли тураржойлари мажмуаси, Кармана туманида фойдаланишга топширилган "Камолот” уйлари, "Ипотека” банки маблағлари ҳисобига қурилган етти қаватли тўрт блокдан иборат тураржой биноси, Маҳмуд Торобий кўчасида фойдаланишга топширилган тураржой бинолари аҳолининг уй-жойга бўлган талабини тўлароқ қондиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Янги қурилишлар давом этмоқда.
Вилоятимизда мамлакатимизда биринчи бўлиб эркин индустриал-иқтисодий зона ташкил этилди. Бу ерда чет эл инвестициялари ёрдамида йигирмадан ортиқ қўшма корхоналар бунёд этилди ва ҳозирги пайтда бу корхоналар фаолият олиб бормоқда. Уларда минглаб вилоятимиз ёшлари меҳнат қилишмоқда. 
Мустақиллигимиз 25 ёшга тўлди. Ҳар бир йил мазмуни асрларга татигулик десак, муболаға бўлмайди. Ҳозирги пайтда фаолият олиб бораётган 4 та академик лицей ва 47 та касб-ҳунар коллежлари мустақиллик йиллари халқ хўжалигига минглаб етук кадрлар етиштириб беришга хизмат қилмоқда. Навоий Давлат педагогика институти, Навоий Давлат кончилик институти янги замонавий ўқув биноларига эга бўлди. Ўқув масканлари энг замонавий компьютер ва бошқа техника воситалари билан тўлиқ таъминланган. Таълим масканларининг иқтидорли ёшлари ҳар йили вилоят, республика ва халқаро фан олимпиадаларида юқори натижаларга эришиб, ёшларимиз илмий салоҳияти, интеллектуал имкониятлари қанчалик юксак эканлигини намойиш этиб келишяпти. Спорт мусобақаларида эришилаётган ютуқлар салмоғи ҳам йил сайин ортиб бормоқда. Вилоят туманларида 13 та стадион, 14 та сузиш ҳавзаси, 279 та спорт зали, 1433 та спорт майдончалари, 18 та теннис корти мавжуд. Вилоятдаги 24 та болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида 19,1 мингдан зиёд, спорт секцияларида 65 мингдан ортиқ ёшлар ўзлари севган спорт турлари билан шуғулланишмоқда. Армрестлинг бўйича жаҳон чемпиони Екатерина Шишкова, эркин кураш бўйича халқаро турнир ғолиби Нодир Комилов, каратэ-до спорт тури бўйича Евро-Осиё биринчилиги ғолиби Толиб Тоиров, Осиё ўйинлари совриндори гимнастикачи Ульяна Трофимова ва Жамила Раҳматова ҳамда бошқа спортчилар эришган ютуқлар билан ҳақли равишда фахрланамиз. Қўлга киритаётган ҳар бир ютуғимиз мустақиллигимиз шарофати бўлиб, Ватанимиз довруғини дунёга достон қилмоқда. Гуллаётган она диёримиз мадҳи янада баланд жаранглайверади. Зеро, буюк мустақиллик бахш этган порлоқ истиқбол шукуҳи қалбимизни сурурга тўлдирмоқда.

 

Мақолани ижтимоий тармоқларда тавсия ёки нашр қилиш учун
Ҳурматли меҳмон, Сиз веб-сайтга рўйхатдан ўтмаган фойдаланувчи сифатида кирганингиз учун Биз Сизга
рўйхатдан ўтишингизни ёки илгари рўйхатдан ўтган логинингиз орқали киришингизни тавсия қилардик.
 

Шарҳ қўшиш шакли

Сизнинг электрон манзилингиз очиқ ошкор этилмайди. Мажбурий тўлдириш керак бўлган қаторлар * билан белгиланган.

Полужирный Наклонный текст Подчеркнутый текст Зачеркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Смайликларни қўйиш Картинка Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера